Европа етакчилари АҚШ Президенти Дональд Трамп ва Россия етакчиси Владимир Путин ўртасида режалаштирилган Аляска учрашуви олдидан Америка раҳбари билан музокара ўтказмоқчи, деб ёзди “Bloomberg” хабардор манбаларга таяниб.
Шанба куни Кремль ва Оқ уй Россия ва АҚШ етакчилари 15 август куни Аляскада учрашишини маълум қилган.
РФ Президенти ёрдамчиси Юрий Ушаковнинг сўзларига кўра, Путин ва Трамп Украина инқирозини узоқ муддатли тинч йўл билан ҳал қилишга эришиш вариантларини муҳокама қилишга эътибор қаратади.
Бўлажак Россия - Америка саммити эълон қилингач, Владимир Зеленский ҳудудий имтиёз берилмаслигини таъкидлади.
Якшанба куни эса НАТО Бош котиби Марк Рютте мазкур мулоқот натижасидан қатъи назар, Украинага қурол етказиб бериш давом этишига ишонч билдирди.
- Мутлақо тўғри, кўмак давом этади, - деган у “CBS News” телеканалига берган интервьюсида.
Шунингдек, Рютте Россия ва Америка раҳбарлари учрашуви Украина билан можарони тартибга солиш бўйича “якуний келишув”га олиб келмаслигига урғу берган. Қолаверса, бўлажак келишув доирасида Украинанинг эҳтимолий ҳудудий йўқотишини қонунан тан олишдан воз кечишга чақирган.
С.Раҳимов, ЎзА