
Коррупция – жамият ва давлат тизимини заифлаштирадиган, адолатга, ишончга путур етказадиган, нафақат иқтисодий, балки ижтимоий ва маънавий жиҳатдан ҳам ҳалокатли оқибатларга олиб келадиган жуда оғир иллат.
Сўнгги йилларда республикамизда, умуман жамиятимизнинг барча жабҳаларида коррупцияга қарши курашиш бўйича улкан саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда.
Жорий йил 5 март куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида коррупциянинг олдини олиш бўйича ишлар натижадорлиги ва келгусидаги устувор вазифаларга бағишланган кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилишда давлатимиз раҳбари аввало ислоҳотлар ҳал қилувчи босқичга кираётган ҳозирги вақтда юртимизда коррупциядан холи муҳит яратиш борасидаги ишларга баҳо бериб, келгуси вазифаларни аниқ белгилаб олиш зарурлиги, коррупция ислоҳотлар йўлидаги энг катта тўсиқ ва ғов эканини таъкидлади.
“Navoiyuran” давлат корхонаси транформация жараёнида ҳам коррупцияга қарши курашиш устувор йўналишлардан бири бўлиб, корхонада айни йўналишда қатор амалий ишлар қилинмоқда.
Хусусан, коррупцияга қарши курашиш сиёсатини самарали амалга ошириш мақсадида ички назорат тузилмаси ташкил этилиб, халқаро стандарт ва миллий қонунчиликка асосан, коррупциянинг олдини олишга қаратилган механизмлар жорий қилинмоқда.
Жумладан, коррупцион хавф-хатарларни баҳолаш, контрагентларни ва ишга қабул қилинадиган номзодларни комплекс текшириш, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва бундай ҳолатларни аниқлаш тизимлари яратилди.
Корхонанинг ҳар бир ходимини бу жирканч иллатдан огоҳ этиш мақсадида кенг кўламли тарғибот-ташвиқот ишлари, семинар-тренинг ва ўқув дастурлари амалга оширилмоқда.
Ҳозирги кунга қадар 30 нафар масъул юқори ва ўрта бўғин ходимлари ISO 37001 “Коррупцияга қарши курашиш бошқаруви тизими” халқаро стандарти талаблари бўйича ўқитилди.
Коррупциявий омилларни бартараф этиш мақсадида тизимда рақамлаштиришни йўлга қўйиш орқали инсон омилини камайтириш чоралари кўрилмокда. Жумладан, харид жараёни шаффофлигини таъминлаш мақсадида 1S:ERP тизими ишлаб чиқилиб, товар ва хизматларга эҳтиёж шакллантирилишидан бошлаб, шартнома шартлари бажарилишигача бўлган жараённи тўлиқ рақамлаштириш ишлари олиб борилмоқда.
“Navoiyuran” ДКда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида янги корпоратив веб-сайт ишлаб чиқилиб, ижтимоий аҳамиятга эга барча маълумотлар жойлаштириб борилмокда. Шу билан бирга веб-сайт халқаро ESG стандарти талабларига мослаштирилди.
Бундан ташқари коррупцияга қарши курашишга кенг жамоатчиликни жалб килиш мақсадида корхонанинг коррупция ҳақида хабар бериш алоқа каналлари яратилиб, 24/7 ишонч телефони ёки мурожаат йўллаш имконияти яратилди. “Navoiyuran” ДК ходимлари томонидан содир этилган коррупциявий ҳолатлар бўйича фуқаролар +998(79) 507-00-55 рақамига мурожаат қилишлари мумкин.
Ҳозир корхонада ISO 37001 “Коррупцияга қарши курашиш бошқаруви тизими” ва ISO 37301 “Комплаенс бошқариш тизими” халқаро стандартларини жорий этиш бўйича тегишли амалий ишлар олиб борилмоқда.
Коррупция – фақат “кимларнингдир” эмас, балки ҳаммамизнинг жамиятга муносабатимиздан келиб чиқади. Ушбу иллатга қарши кураш фақат давлатнинг иши эмас, фуқаролик масъулияти ҳамдир.
“Navoiyuran” ДК PR хизмати