Маълумки, юртимизда аёллар ва болалар ҳуқуқларини ишончли таъминлаш, уларни ҳар қандай тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш ҳамда жамиятда бундай ҳолатларга нисбатан давлат органлари ва ташкилотларининг мазкур йўналишдаги фаолиятини кучайтиришга алоҳида эътибор берилмоқда.
Хусусан, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 3 мартдаги “Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чоралар тўғрисида”ги фармони қабул қилингани ҳам давлатнинг ўз фуқароларига, хусусан, аёллар, болалар ва ёшларга бераётган аниқ ва амалий ваъдасидир.
Фармон бир нечта муҳим йўналишни қамраб олади. Жумладан, никоҳ ёшини тартибга солиш, ҳомиладор талабалар учун таълим кафолатини таъминлаш, шунингдек, никоҳ шартномаси тузишни рағбатлантириш каби имкониятлар янада кучайтирилди.
ТДЮУ Халқаро ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқлари шўъбаси ўқитувчиси Асилбек Мўминов бу борада қуйидаги фикрларни билдирди:
–Фармоннинг энг муҳим янгиликларидан бири ёшларнинг никоҳ масаласида онгли қарор қабул қилишини рағбатлантиришга қаратилган чора-тадбирлардир. 2027 йилдан бошлаб икки томондан ҳам камида 21 ёшга тўлганда биринчи марта никоҳ тузган ёш оилалар давлатнинг алоҳида эътиборига сазовор бўлади.
Бундай оилалар ижтимоий реестрга киритилган тақдирда уларга бериладиган молиявий кўмаклар - субсидиялар, ссудалар ва грантлар қонунчиликда белгиланган миқдордан 1,5 баравар кўп миқдорда тақдим этилади. Яъни, давлат томонидан бериладиган уй-жой ёки тадбиркорлик учун ссуда миқдори, айтайлик, 10 миллион сўм бўлса, бундай оила 15 миллион сўм олиш ҳуқуқига эга бўлади. Бу фақат рақам эмас, бу оиланинг мустаҳкам пойдеворини қуришда давлатнинг қўллаб-қувватлашидир.
Бундан ташқари, никоҳ шартномасини тузган жуфтлар никоҳни қайд этишда тўланадиган давлат божидан тўлиқ озод этилади. Бу чора никоҳ шартномасини тузишни молиявий жиҳатдан қулай ва истиқболли қилади, жуфт томонларнинг кейинчалик юзага келиши мумкин бўлган низолардан ҳимоясини таъминлайди.
Фармоннинг яна бир тарихий аҳамиятга молик жиҳати таълим соҳасида ҳомиладор талабалар ва 3 ёшгача фарзанд тарбияси билан шуғулланувчи талабаларга иккинчи имконият яратилишидир. 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб жорий этилаётган ушбу тартибга кўра, курсдан қолган ёки талабалар сафидан чиқарилган бундай шахслар истисно тариқасида фанлар фарқини топшириш шарти билан ўқишни давом эттириш имкониятига эга бўлади.
Бу амалда нимани англатади? Аввал ҳомиладорлик сабабли ўқишни тарк этишга мажбур бўлинарди. Энди эса академик таътилда масофавий ўқиш, фарзандини тарбиялаб, бир вақтнинг ўзида билим олиш мумкин бўлади.
Бу нафақат бир аёлнинг тақдири, балки бутун жамият учун улкан ютуқ. Чунки олий маълумотли она — бу онгли оила, соғлом авлод, ривожланган мамлакат демак.
Бу фармон биринчи навбатда шуни кўрсатадики, давлат аёл ва бола ҳуқуқларини ҳимоя қилишни сиёсий декларация даражасидан чиқариб, аниқ молиявий ва ҳуқуқий механизмлар даражасига кўтарди. Ёш оилаларга кўпроқ молиявий ёрдам, ҳомиладор талабаларга ўқишни давом эттириш имкони, никоҳ шартномасига имтиёз - буларнинг барчаси оддий фуқаронинг кундалик ҳаётига бевосита таъсир этади.
Халқаро ҳуқуқ нуқтаи-назаридан эса бу фармон Ўзбекистоннинг БМТ Аёлларга нисбатан камситишнинг барча шаклларини тугатиш тўғрисидаги конвенцияси (CEDAW) ва Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция (CRC) бўйича зиммасига олган мажбуриятларини амалий бажаришнинг ёрқин намунаси. Давлат нафақат халқаро ҳужжатларга қўл қўйди, балки уларни ўз қонунчилигига татбиқ этмоқда.
Гулноза Бобоева, ЎзА