Ҳаммага маълум ва машҳур “BBС” нашри раҳбари Тим Дейви ва янгиликлар бўлими директори Дебора Тернесс АҚШ президенти ҳақидаги ҳужжатли фильмда нотўғри таҳрир ишлатилгани сабаб истеъфога чиқишга мажбур бўлди.
Можаро «Панорама» дастури Трампнинг 2021 йил 6 январда қилган нутқининг икки қисмини бирлаштириб, уни гўё Капитолий босқинига бевосита чақираётгандек кўрсатгани билан боғлиқ.
Трамп бу воқеага “улар менинг нутқимни сохталаштирди” дея жавоб қайтарди ва “BBС” раҳбарларининг ишдан кетишини «адолатли» деб баҳолади.
– Тан олиш керак, баъзи хатолар бўлди ва мен бош директор сифатида бунга жавобгарман, -деди Дейви.
Тернесс эса айбловларни рад этди, аммо у “вазият компания обрўсига жиддий зарар етказмоқда, масъулият менинг зиммамга тушиши керак”, дея таъкидлади.
Нашр кенгаши раиси Самир Шоҳ бу ҳолатни “компания учун оғир кун” деб атади, аммо Дейвининг қарорини тушунишини билдирди. Янги раҳбар ким бўлишидан қатъи назар, “BBС” ишонч инқирозидан чиқиш учун тез ва қатъий чоралар кўриши керак бўлади.
Мусулмон Зиё, ЎзА