Чимкент шаҳридаги Жумабек Ташенов номли университет, Қозоғистон халқ ассамблеяси, Қозоғистон ўзбеклари этномаданий бирлашмалари, “Дўстлик” ҳамжамияти ҳамда Ўзбекистон давлат хореография академияси ҳамкорлигида ўтказилган “Бир шеър, бир саҳна” халқаро танлови кенг жамоатчилик эътиборини тортди.
Мазкур лойиҳа ёшлар ўртасида адабий мулоқотни ривожлантириш, шеъриятга бўлган қизиқишни ошириш ва бадиий сўз орқали маънавий дунёқарашни бойитишга қаратилган.

– “Бир шеър, бир саҳна” танловини келгусида нуфузли, мунтазам ўтказиладиган адабий майдонга айлантириш режалаштирилган, -деди ҳакамлар ҳайъати раиси, филология фанлари доктори, профессор Ҳулкар Ҳамроева. – Бундай ташаббуслар глобаллашув шароитида ёшлар ўртасида маданий ва маънавий алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади. Президентимиз таъкидлаганларидек, адабий дўстлик абадий дўстлик эканлиги яна бир бор ўз исботини топди.


Танлов якунларига кўра, олийгоҳлар ўртасида Ж.Ташенев номли университет талабалари Гулноза Османова ва Дилдора Отажоновалар олий ўринни, Ўзбекистон давлат хореография академияси “Санъатшунослик” йўналиши биринчи босқич талабаси Ирода Аҳмадова ҳамда тўртинчи босқич талабаси Жамшидбек Мирсолиев биринчи ўринни қўлга киритган бўлса, ўқувчилар ўртасида эса Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманидаги 17-мактабнинг 8-синф ўқувчиси Бинафша Бозорова ғолиб деб топилди.

– Ёшларимиз ўз чиқишларида Чўлпон, Ҳамид Олимжон, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Муҳаммад Юсуф, Аъзам Ўктам, Сирожиддин Саййид, Фарида Афрўз ва Минҳожиддин Мирзо каби машҳур ижодкорлар асарларидан намуналар ўқиб беришди, -дейди Ж.Ташенев номли университетнинг халқаро ҳамкорлик департаменти директори, педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори Шаҳло Наралиева. – Улар ҳар бир шеърни завқ билан ифода этишлари бизни жуда қувонтирди.

Ғолиблар диплом, янги нашр этилган китоблар жамланмаси ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Д.Ҳакимов, ЎзА