Сербия пойтахти Белградда қарийб саккиз ой давом этган норозиликдан сўнг одамлар яна кўчаларга чиқди. Намойишчилар муддатидан олдин парламент сайлови ўтказилишини талаб қилмоқда. Жараённинг етакчи кучи – талабалар ҳаракати коррупцияга қарши кураш талабини ҳам асосий шиор қилиб олишган.
2024 йил охирида Нови-Сад шаҳридаги энди таъмирланган темир йўл вокзали томи қулаб тушиши натижасида 16 киши ҳалок бўлган эди. Бу ҳодисада коррупциялашган ҳукумат айбдор сифатида кўриляпти. Яъни, аксарият серблар инқирозни давлат инфратузилма лойиҳалари нотўғри бошқарилиши билан боғламоқда. Пойтахтнинг марказий майдони ва яқин атрофдаги бир неча йирик кўчани тўлдирган оломон “Биз сайлов ўтказилишини хоҳлаймиз!” дея ҳайқирмоқда.
Полиция бошлиғи Драган Василевич ўнлаб одам ҳибсга олингани, олти нафар ҳуқуқ-тартибот ходими шикастланганини билдирган.
Сербия ИИВ маълумотига кўра, шанба кунги намойишда 36 000 киши қатнашган. Фаоллар бу маълумот нотўғрилиги, аслида йиғилган оломон тўрт баробар кўп – 130 000 эканини таъкидламоқда. Жамоат йиғилишларини қайд этувчи мустақил мониторинг гуруҳи эса талабалар бошчилигидаги митингга 140 000 одам чиққанини айтди.
Президент Александр Вучич ва ҳукмрон Прогрессив партия намойишчиларни далил келтирмасдан, чет эл таъсири остида тинч тартибни қўзғатмоқчи бўлаётганликда айблаб, муддатидан олдин сайлов ўтказиш таклифини рад этди.
Режа бўйича Президент ва парламент сайлови 2027 йил бўлиб ўтиши керак.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/T-qWRJkb2z0?si=3IVxmgos6pbb1VJT" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>К.Бекжонов, ЎзА