Аввал хабар берганимиздек, “Миллий тикланиш” демократик партияси ташаббуси билан “Болангиз билан китоб ўқинг” акцияси доирасида “Менинг биринчи кутубхонам” лойиҳаси йўлга қўйилган эди.
Мазкур лойиҳа доирасида юртимиздаги бир қатор мактабгача таълим ташкилотларига босқичма-босқич китоб жавонлари ҳамда етти ёшгача бўлган болаларга мўлжалланган бадиий адабиётлар тақдим этиш кўзда тутилган. “Менинг биринчи кутубхонам” лойиҳасининг навбатдаги манзили Бектемир туманидаги “Орзу” номли 577-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти бўлди.

Китобхонлик акцияси “Янги аср авлоди”, “Зукко китобхон”, “Invest-Book” каби йирик нашриётлар томонидан боғчада ташкил қилинган китоблар кўргазмаси билан бошланди. Фарзандлари ва набиралари билан келганлар бу каби китоблар кўргазмаси мунтазам ўтказиб турилиши болаларни китобга қизиқтиришда муҳим эканини таъкидладилар ва ўз таклифларини билдирдилар.

Тадбирда болалар адабиёти бўйича миллий ва халқаро танловлар ғолиби, таниқли ёзувчи Гулноз Тожибоева ўзининг “Эпчил Зағизғон” китобини ўқиб берди. Муаллифнинг ўзидан тинглаш болажонлар жуда қизиқарли ва мароқли бўлди, тарбиячи ва ота-оналар учун эса маълум маънода маҳорат дарси вазифасини ўтади.

Партиянинг “Болангиз билан китоб ўқинг” акцияси доирасида мактабгача таълим муассасаларига китоб жавонларини тақдим этиш жараёни давом этмоқда.

Эътироф этиш лозимки, болалар китобхонлигини қўллаб-қувватлаш, оилавий мутолаа анъанасини оммалаштириш, болаларни кичик ёшидан мутолаага қизиқтириш орқали уларнинг дунёқараши, маънавияти ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, ижодий қобилиятини юзага чиқариш, нутқини, фикрлаш, таҳлил қилиш қобилиятини ривожлантиришда бу каби амалий лойиҳалар муҳим ўрин тутади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА