Асрларга татигулик буюк эътибор
Ҳар куни тонг салқинида уч-тўрт нуроний қизил-сариқ рангли, пишиқ-пухта қурилган пиёдалар йўлакчасига тушиб олиб, “Далварзин” даҳасидан то туман марказигача бориб-қайтиб, дилдан суҳбатлашишни одат қилдик. Илгари машиналарнинг тиғиз ҳаракатидан чўчиб, чанг босган тутқатор тагидан – тупроқ кечиб юришга мажбур эдик. Чанг йўлда сайр қилиш кимга ёқарди... Шунгами, наҳорги ошданми, бирон юмушданми қайтардиг-у, ҳаммамиз тезгина хайрлашиб уй-уйимизга кириб кетардик. Ҳозир эса, тонг шабадасида, хавфсиз ва кенг-мўл йўлакчадан юриб, гурунгимиз қизигандан-қизиб, беш-олти километр масофани қандай босиб ўтганимизни билмай қоламиз.
Инсон боласи яхши шароитга тез кўникади, худди аввалдан ҳаммаси шундай тургандек, санаб саноғига етиб бўлмас янгиланишлар олдиндан ҳаётимизда бўлгандек, ортдаги воқеаларни осон унутади. Аммо, инсоф билан айтганда, бу қулайликлар яратилгунча, халқнинг бугуни кечаги кунидан яхши бўлгунча, қанча одамнинг сочи оқарганини, кун-у тун ором билмай заҳмат чекканини ҳеч қачон эсдан чиқармаслик керак.
Ҳали айтганимиздек, “Далварзин”дан туман маркази ҳисобланган Зафар шаҳарчасига етиб борарканмиз, катта чорраҳада бизларни самимий табассум билан Давлат Раҳбари кутиб оладилар. Бу муболаға эмас! Чунки шу чорраҳага ўрнатилган улкан суратда муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев бутун Бекобод тумани аҳлига қараб, “Мен сизлар билан доим биргаман, барча амалга ошираётган эзгу ишларингизни ҳамиша кузатиб турибман!” дегандек ўткир нигоҳ ва бетакрор табассум билан боқиб турадилар.
Тўғриси, бу самимий табассумни кўриш нафақат бизларга, балки бутун туманимиз халқига ҳам куч, ҳам ишонч, ҳам мадор, ҳам ифтихор бағишлайди.
Ёши улуғлар яхши эслаймиз, муҳтарам Президентимиз Бош вазир бўлиб ишлаб юрган кезларида Бекобод туманига жуда кўп келганлар. Бу ернинг ҳар бир қаричини, ҳар бир контурни, одамларининг феъл-атворини, ҳудуднинг ўзига хос табиатини биздан ҳам кўра яхшироқ биладилар. У “Ачамайли” ё “Хос” маҳалласи бўладими, “Далварзин” ё “Қолғонсир” маҳалласими, хуллас, 51 та маҳалланинг ҳаммасини қадамма-қадам бориб кўрганлар, одамларни эски қадрдондек ёнларига олиб суҳбатлашганлар, ҳудуднинг энг оғир нуқталарини шахсан ўзлари ўрганиб, муаммоларга доим ечим топганлар.
Тожикистон билан 86 километр чегарани пиёда юриб, сарҳадларни мустаҳкамлаш, чегарадаги хонадонларни кўчириш ва уларни уй-жой билан таъминлаш ишларига шахсан ўзлари бош-қош бўлганлар. Буларни унутиб бўладими ахир?
У пайтларда қўшнилардан сув олишнинг нақадар оғирлигини ҳозир эсласак, бунинг учун у киши қанчалар машаққат чекканларини чуқур ҳис қиламиз. Лекин биз кексалар у кишининг чўлли ҳудудларимизга, айниқса бекободликларга меҳри ўзгача эканлигини ҳамиша сезиб турардик.
Шу кунларда, Давлатимиз Раҳбарининг бизларга ғамхўрлик ва эътиборларининг олий намунаси сифатида Бекобод туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича тарихий қарорларидан ҳаммамиз, туманда яшаётган ёш-у қари бирдек руҳланиб юрибмиз. Эски замонлар-ку майли, аммо яқин-яқингача ҳам тузукроқ эътибор кўрмаган, қолоқ туман деб қараб келинган, пойтахтдан юз чақиримгина берида бўлса ҳам, ривожланишдан анча ортда қолиб кетган бир ҳудудга шунча меҳр, шунча эътибор, буёғини ҳам дангал айтганда, шунча маблағни ким берибди, дейсиз?
Шу қарор сабаб бутун Бекобод тумани улкан қурилиш-бунёдкорлик майдонига айланиб, ҳали сайилгоҳлар, ҳали спорт мажмуалари, боғчаю мактаблар қурила бошланса, бир томонда етти аждодимиз ҳам кўрмаган, уларга фақат орзу бўлиб қолган оқова сув тармоқлари тортилса, асфальт бўлмаган кўчаю йўллар қолмаса, минглаб эскирган симёғочлар тўлиқ янги бетон устунларга алмаштирилаётган бўлса, очиғи, ақлинг шошиб қолар экан.
Илгари денг, телевизордан қайсидир жойда баланд бино-иморатлар кўтарилганини кўрсатишса, юрагимиз бир орзиқиб қўярди. “Ҳа, энди кўркам ва баланд иншоотлар марказлар учун-да, бизнинг чекка туманга ким қўйибди...” деб ўзимизни ҳам овутардик, ҳам совутардик.
Энди нақ туман марказига “Янги Бекобод сити” массиви тушармиш, шу ерда йигирма минг аҳоли учун уй-жойдан тортиб, гузару спорт комплекслари, сайилгоҳлару сув ҳавзалари, ёшлар марказию мактаб ва боғчалар қурилармиш, деган овозани эшитиб лол қолдик. Аллақачон мутахассислар ва архитекторлар лойиҳалаш ишларини қизғин бошлаб юборишди ҳам.
Тўғри, Сирдарёмиз бор эди, туманимизнинг қоқ ўртасидан оқиб ўтарди. Аммо гапнинг индаллосини айтганда, олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ экан-да. Биз учун ҳозиргача овлоқ ва қамиш босиб ётган дарё соҳиллари оддий ҳол эди, нари борса набираларимиз мол-қўй боқарди. Энди эса, шу соҳилларга катта куч ва молиявий манбалар йўналтириб, 300 ўринли болалар оромгоҳи, дам олиш масканлари, дарёбўйи сайилгоҳлари каби ўнлаб янги иншоотлар барпо этилиши бутун халқимизнинг руҳиятига малҳам бўлмоқда.
Минг афсуски, у чеккасидан бу чеккасигача 100 километрдан зиёд, аҳолиси 170 мингдан ортиқ ҳудудда ҳозиргача биронта бозор йўқ эди. Одамларнинг хоҳиш-истакларини инобатга олиб, ушбу қарор билан бира тўла иккита замонавий типдаги бозорлар барпо этилиши халқимиз учун чинакам хурсандчилик бўлди.
Босқичма-босқич бунёд этилаётган, барча шароитларга эга маҳалла гузарлари, олис ва чекка маҳаллаларгача автобус қатновларининг мунтазам йўлга қўйилаётгани туманимизда ҳақиқатда халқни рози қилиш ва инсон қадрини улуғлаш бўйича тизимли ва амалий ишлар бошланганини кўрсатади.
Шу ўринда яна бир армонимиз орзуга айланиб, орзуимиз реалликка кўчиб, бундан 40 йил аввал лойиҳаси чизилиб, иш бошлаб кейин ташлаб қўйилган Сирдарё устидаги кўприкни айтмасак бўлмайди. Давлатимиз Раҳбарининг энг олис ва чекка ҳудудлардаги халқни қийнайдиган энг нозик муаммоларни ҳам билишларига қойил қолмай илож йўқ. Улар имзолаган қарорда бу масала акс этиши билан, аҳолимизнинг эсидан ҳам чиқиб кетган, орзу ҳам қилмай қўйган ўша кўприк ва унга туташ
6 километр йўл жадал суръатларда қурила бошланди.
Кўприк бўлса кўприк-да, дейишингиз мумкин, аммо бу халқимиз учун ғоят қадрли иншоотдир. Нега дейсизми? Тумандаги 170 мингдан зиёд аҳолининг 7 та маҳаллада яшовчи қарийб қирқ минг нафари Сирдарёнинг нариги томонида яшайди. Туман марказига иш биланми, тўйгами, бозор-ўчаргами келса, олтмиш-етмиш километр йўл босиб, Бекобод шаҳри ичидан айланиб ўтиларди. Яқин фурсатларда ушбу кўприк фойдаланишга топширилса, туман маркази билан масофа икки баробар қисқаради, одамларнинг қанча вақти ва маблағи, асаби тежалади, илгари ота-онасини, ака-укасини, қуда-андасини бир ойда кўргани келадиганлар энди ҳар ҳафта келаверади, кўнгиллар яқинлашади, меҳрлар туташади...
Туманимиз ташкил топганига келаси йил роппа-роса юз йил тўлади. Аммо бу масканда азалдан ота-боболаримиз минг йиллардан бери яшаб, зироат ва чорвачилик, ҳунармандчилик билан шуғулланиб келганлар.
Бунга, тарихи ўн асрга бориб тақаладиган “Бузрук ота”, “Темиратки ота”, “Қизил мачит” каби муқаддас қадамжоларимиз, қадимий “Дарварзин” мавзеси гувоҳлик беради. Бобур Мирзо ҳам бу гўшани “Бобурнома”да икки бор қайд этиб, таърифини келтирганлар. Бекободликлар ҳам худди шу азиз ва мўътабар масканлар сингари йиллар шамолида тобланиб, феълу атвори сайқалланиб келмоқда.
Бугун замон шиддат билан кечмоқда. Замонавий касб ва илмларни эгаллашни даврнинг ўзи тақозо қилмоқда. Биз кетмон чопган бўлсак, янги авлод илғор технологиялар билан ишламоқда. Тушимизга ҳам кирмаган тезкорлик билан дунёга боғланмоқда. Невараларга “Ай-Ти” нима деб сўрасак, “Эҳ, бобожон, соддасиз-да, бу илғор ахборот технологияси”, дейди. Биз нуронийлар “ҳа” деб қўямиз уларнинг қўлидаги шапалоқдай телефонларига қараб.
Қарорда туман марказида “Ай-Ти” маркази барпо этилиб, у ерда юзлаб ёшлар ўзи яратган замонавий технология маҳсулотларини, дастурларини ва хизматларини дунёга сотиши мумкин экан.
Аммо бизнинг қувонганимиз ундан ҳам яхшироқ сабаб учун, яъни мана шу янгиланишлар туфайли кўчада бекор санғиб юрган ёшлар деярли қолмади. Ҳаммаси ё касб-ҳунар эгаллаш, ёки тил ўрганиш билан машғул. Бунинг ортида эса, мунтазам ва ҳалол даромад, оилалардаги фаровон ҳаёт, маҳаллаларда жиноятлар камайиши, ёшларнинг ўзига бўлган ишончи ортиши, оилалар мустаҳкам бўлиши каби кўплаб ижтимоий масалалар ҳам ўз-ўзидан ҳал бўлаверади.
Муҳтарам Юртбошимиз томонларидан қарорда бежиз туманни камбағаллик ва ишсизликдан холи ҳудудга айлантириш тўғрисида зарурий кўрсатмалар берилмаган.
Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш, шунингдек, саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳасида янги ишга тушаётган лойиҳаларда иш ўринлари яратиш, бунинг натижасида одамларимизни, айниқса ёшларни доимий даромад билан таъминлаш устувор вазифалардан бири этиб белгиланган. Чунки меҳнат ва илм билан банд бўлган, иш билан таъминланган, эртасига мустаҳкам ишончи бўлган ёшлардан ҳеч қачон ёмонлик чиқмайди, дастурхони тўкин, рўзғори бутун бўлади. Қут-барака аримайди.
Шу ўринда, одамларни ерга бўлган муносабати ҳам ўзгарди. Ҳозирга қадар унумдорлиги паст ерларга пахта ва ғалла экилаверарди. Ҳосил эса, кутилгандек бўлмасди. Энди қарорда кўзда тутилгандек, 6,8 минг гектар майдонда пахта ва ғаллани қисқартириб, боғ яратиш, картошкачилик ва сабзавотчиликка ихтисослаштиришга ажратилиши айни муддао бўлди.
Аҳолига ўз томорқаларидан унумли фойдаланиш учун керак шароит яратиб берилмоқда. Шу кунларда туманимизга келган киши одамлар меҳнатидан яшнаб турган далаларни ва томорқаларни кўриб баҳри-дили очилади.
Шунча ер майдонлари ва имкониятлар бўлатуриб, ҳозиргача ҳеч ким паррандачилик билан жиддий шуғулланмасди. Ҳар бири 100-200 минг бошдан парранда боқишга, гўшт ва тухум етиштиришга ихтисослашган 3 та комплекс қурилиши туманнинг иқтисодий салоҳиятини ошириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади.
Туманда кетма-кет очилаётган қатор банк офислари бундай ишларни амалга ошириш учун халққа кўмакчи ва хайрихоҳ бўлаётгани қувонарли.
Сўнгги йилларда Юртбошимизнинг қатъий сиёсий иродалари билан Ўзбекистонимиз дунёга тўлиқ очилди, жаҳон ҳамжамияти юртимизга чинакам ишонч ва дўстлик кўзи билан қарай бошлади.
Айниқса, яқин қўшничилик муносабатлари мутлақо янги босқичга кўтарилиб, қардош ва қондош қўшни давлатлар билан муносабатимиз том маънода яхшиланди. Стратегик шериклик даражасига чиқди. Буни айниқса биз – чегара ҳудудларда яшайдиган аҳоли кўпроқ ҳис қилдик. Авваллари ўзаро борди-келди, савдо-сотиқ, дўстлик-биродарлик бир қадар узилиб қолган бўлса, эндиликда қўшниларимиз билан эмин-эркин савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳаларда узоқ вақт узилиб қолган ришталар қайта боғланди. Буни барча кўриб-билиб турибди.
Куни кеча муҳтарам Президентимиз Туркманистоннинг олий мукофоти – “Ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун” ордени билан мукофотланганларини кўриб, бутун халқимиз қаторида бизнинг ҳам қалбимиз тоғдай кўтарилди.
Бундан ташқари, донишманд Юртбошимиз нафақат халқимизнинг, балки бутун дунёдаги жафокаш инсонларнинг ҳам ташвишини ўйлаб, жаҳон ҳамжамиятига олий инсонийлик намунасини кўрсатдилар. Куни кеча уруш ва зиддиятларда бениҳоя азият чекаётган Фаластин халқига беминнат мурувват қўлини чўзиб, уларга ҳар томонлама кўмак бериш бўйича фармонни имзоладилар. Фаластинликларни юртимизга олиб келиб, уларга ижтимоий, тиббий, психологик ёрдамлар кўрсатиш, фарзандларини мактабларда ўқитиш, умуман, чинакам инсонийлик тамойиллари билан уларнинг дардига шерик бўлиш даркорлигини яна бир бор барчага уқтирдилар. Бу – том маънода бутун дунё учун инсонийлик дарси бўлди.
Бекобод туманимиз қўшни Тожикистон Республикаси билан озмас-кўпмас 86 километрлик чегарада туташ ва ёндошдир. Бизнинг далаю боғларимиз уларнинг тоғу қирлари билан туташган, бир-биримизга кафтдек намоён. Шундай экан, минг йиллар бир осмон остида аҳил ва иноқ яшаб келган жондош элларнинг асил қўшничилик, чин биродарлик, ўзаро манфаатли ва узоқ муддатли муносабатларини мустаҳкамлаш фақат ва фақат наф келтиради.
Буни жуда тўғри ҳис қилган муҳтарам Президентимиз минтақадаги барча мамлакатлар ўртасидаги ўзаро тушунмовчиликларга тўла барҳам бердилар, дўстлик ва ҳамжиҳатлик руҳи кучаймоқда, борди-келдилар эмин-эркин амалга оширилмоқда.
Ҳудудимизда жойлашган “Ойбек” божхона пости ёнидаги 34 гектар майдонда эркин савдо зонаси ва логистика маркази барпо этилаётгани ҳам ана шу илиқ муносабатларнинг яққол далилидир.
Қарийб 400 гектар майдонда бунёд этилаётган саноат зонасининг таърифи эса, ўзи бир мавзу. Биз – Бекобод тумани аҳли бундан бениҳоя хурсандмиз, чунки бунинг ўзига хос сабаблари бор, албатта.
Биринчидан, узоқ йиллар фақат қишлоқ хўжалиги билан боғланиб қолган туман, ва ниҳоят, саноатлашган ҳудудга айлана бошлайди. Иккинчидан, саноат зонасида қад ростлаётган турфа хил иншоотлар туман инфратузилмаси ва қиёфасига ижобий тус беради. Учинчидан, бу ерда ишлаб чиқариш ва тадбиркорлик ривожланган сари туман, қолаверса вилоят ва республика иқтисодиётига муносиб ҳисса қўшилади. Тўртинчидан, туманга хорижий инвестиция оқими кўпаяди. Ниҳоят, бешинчидан, амалга оширилаётган янги лойиҳаларда энг аввало туман аҳолиси, ёшлари, ўзимизнинг қоракўзлар меҳнат қилишади. Бу, минглаб ишсизлар бандлиги таъминланиб, хонадонларга қут-барака киради, одамларнинг яшаш шароитлари ва даромадлари янада яхшиланиб, уларнинг ислоҳотлардан рози бўлиш ҳисси ортади, дегани.
Яқин орада Тошкентдан Паркентга, Андижон марказидан Хонобод шаҳрига поездлар қатнови йўлга қўйилганини эшитиб, туманларга ҳам темирйўл тортса бўларкан-да, деб ўйлагандик. Ҳеч қанча фурсат ўтмай, “Энди Бекобод туманидан пойтахтга электр поездлар юраркан”, деган хушхабарни эшитдик. Қарорда ўз аксини топган ушбу масала ҳадемай амалга ошса, пойтахтга ўқишга, ишга қийналиб қатнаб юрган, ёзнинг жазирамасию қишнинг аёзида машина кутиб асабийлашган одамлар учун мисли кўрилмаган қулайлик бўлади.
Тўғриси, биз нуронийлар Муҳтарам Президентимизни пойтахтдан Бекободга поездда келишларини ва у кишини темирйўл вокзалида кутиб олишни қанчалар орзу қилганмиз. Иншооллоҳ, ушбу ниятимиз ҳам яқин бир-икки йилда амалга ошади.
Халқимиз учун қулайликларнинг навбатдагиси соғлиқни сақлаш соҳасида амалга ошмоқда. Ўтган уч ойда туман тиббиёт бирлашмасида юрагида туғма нуқсони бўлган болаларда ноёб ва мураккаб жарроҳлик амалиётлари муваффақиятли ўтказилди. Ҳозиргача фақат республика даражасида амалга ошириб келинган бундай операциялар туманда ҳам бошлангани муҳтарам Президентимизнинг соғлиқни сақлаш тизимини аҳолига яқинлаштириш мақсадларига тўла мос келади. Яқинда тиббиёт бирлашмамизда кўп тармоқли болалар тиббиёт маркази очилгани, олис ва чекка ҳуддадлар аҳолиси учун ҳам мунтазам тиббий кўриклар ташкил этилаётгани ушбу фикримиз далилидир.
Яна бир нарсани қувонч билан айтишимиз керакки, туманимизда ҳар куни адабиёт, санъат ва китобхонлик байрами бўлмоқда. “Ҳар мактабга 100 китоб” лойиҳаси доирасида пойтахтдан ташриф буюрган таниқли шоир ва ёзувчилар, эл суйган санъаткорлар, олим ва зиёлилар тумандаги 62 мактабга жами 6200 номдаги китоблар жамланмасини туҳфа этдилар. Бу тадбирлар “Долзарб 90 кун” лойиҳаси билан ҳамоҳанг тарзда ўтаётгани учун, катта адабиёт байрамига, қизғин учрашувларга уланиб кетмоқда.
Бундай хайрли ўзгаришларнинг бари бизнинг қалбимизни тоғдай юксалтиради, эртанги кунга умидни, қалбимиздаги хотиржамликни, дилимиздаги қувончни яна оширади.
Ижобий янгиланишларнинг санаб саноғига етолмаймиз. Кечқурун уйга кириб, тонгда кўчага чиққунимизча қайсидир бир маҳаллада, қайсидир муассасада янгилик содир бўляпти.
Оқшом қуп-қуруқ турган майдонларда эртасига янги бир қурилиш ишлари бошланяпти. Буларнинг ҳаммаси Бекобод тумани аҳолиси учун бўлаётгани, қарор ижроси сўзсиз таъминланаётганидан бағоят шодмиз.
Шу боис ҳам, туманнинг кексалари муҳтарам Президентимизни дуо қилаётган бўлишса, ёшлари ўзларига яратилаётган чексиз шароитларни кўриб белни маҳкам боғламоқдалар. Ростдан ҳам, Бекобод тумани учун, туман аҳли учун чинакам яшаш ва меҳнат қилиш, меҳнатларининг роҳатини кўриш фурсати келди.
Ғамхўр Юртбошимиз шунча шароитларни яратиб бериб турганларида, бизлар фидойи меҳнат қилмасак, қўлни қўлга, дилни дилга боғлаб Ватан учун, унинг иқтисодий қудрати учун муносиб ҳисса қўшмасак, фуқаролик бурчимизга ҳам, виждон амрига ҳам, муқаддас қадриятларимизга ҳам тўғри келмайди.
Туман марказида барчамиз учун азиз Президентимизнинг самимий кулиб турган сиймоларига боқиб, ўзимизча шундай ваъда берамиз: “Сиз бизларга ишонинг, муҳтарам Президент, туманимизни гуллаб-яшнатиш учун ҳамиша сиздан куч ва қудрат оламиз. Бундан буёғига Бекобод туманидан кўнглингиз тўқ бўлсин! Сиз бизларга улуғ эътибор қаратдингиз, биз бутун туман жамоатчилиги ва халқи сизга фидокорона меҳнатимиз ва чинакам садоқатимиз билан жавоб берамиз!”
Жалолхўжа Бўрихўжаев,
“Нуроний” жамғармаси туман бўлими раиси
Қосимжон Ёқубов,
Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси, “Фидокорона хизматлари учун” ордени соҳиби
Гулчеҳра Рисқулова,
Халқ депутатлари туман Кенгаши депутати, “Дўстлик” ордени соҳиби “Қуштамғали” маҳалла фуқаролар йиғини раиси