Жадидчилик ҳаракати дунё миқёсида ҳам олимларнинг эътиборини тортмоқда. Сабаби тараққийпарвар боболаримиз фаолиятига оид маълумотлар Марказий Осиё, айниқса Туркистоннинг XIX аср охири ва XX аср аввалига дахлдор энг холис ва ҳаққоний тасаввурни бериши билан аҳамиятли.
Кинематография агентлиги ахборот хизмати маълумотига кўра, Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг 150 йиллиги муносабати билан Токио шаҳрида бўлиб ўтаётган халқаро илмий анжуман доирасида Токио Чет тиллари университети (Tokyo University of Foreign Studies) талабалари билан учрашув ўтказилди.

Самимий ва қизиқарли руҳда бўлиб ўтган мулоқот давомида иштирокчилар ўзбек жадидчилиги, Маҳмудхўжа Беҳбудий мероси, замонавий Ўзбекистон кинематографияси ва икки давлат ўртасидаги маданий алоқалар ҳақида фикр алмашдилар.

Тадбир давомида намойиш этилган “Маҳмудхўжа Беҳбудий” бадиий-публицистик фильми япониялик талаба ва тадқиқотчиларда катта қизиқиш уйғотди. Фильмдан кейин бўлиб ўтган баҳс-мунозараларда бу жиҳатлар яна бир карра ўзининг ёрқин ифодасини топди.

Кунчиқар мамлакатда бўлиб ўтаётган мазкур халқаро анжуман Марказий Осиёдаги ислоҳотчилик ҳаракати ва жадидчилик меросини чуқур ўрганиш ҳамда тарғиб этишга қаратилгани билан аҳамиятли.
Н.Усмонова, ЎзА