Ҳар бир халқнинг ўз рамзи бор, у эса миллатнинг тарихий, маданий ва маънавий меросини акс эттиради.
Шу жиҳатдан, Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи мустақиллик, озодлик ва ягона Ватан рамзидир. Ана шу муқаддас тимсолни улуғлаш мақсадида юртимиз бўйлаб “Бир Ватан, бир эл, бир байроқ!” шиори остида байроқ эстафетаси ўтказилмоқда.
Эстафета Хонобод шаҳридан старт олиб, Андижон вилоятининг турли ҳудудларидан ўтиб, Бобур шаҳри марказига етиб келди. Тадбир давомида байроқни кутиб олиш маросимлари барча туманларда юқори руҳ ва байрамона шукуҳ билан ўтказилди. Хонободда старт маросими спортчилар, олимлар ва санъаткорларнинг чиқишлари билан бошланди, шаҳар ва туман марказларида эса миллий кийимдаги ёшлар рақслари, ҳарбийлар чиқишлари ҳамда маданий тадбирлар ташкил этилди.
Эстафета Қўрғонтепа, Жалақудуқ, Хўжаобод, Андижон шаҳар ва туманлари, Пахтаобод, Избоскан, Балиқчи, Шаҳрихон ҳамда Асака туманлари орқали ўтиб, сўнгги манзил – Фарғона вилояти чегара нуқтасига етказилди. Ҳар бир ҳудудда байроқ жамоа руҳида кутиб олинди, тадбирлар давомида юртга, миллий рамзга ва мустақилликка бўлган ҳурмат ва садоқат намоён бўлди.
[gallery-26170]
Байроқ эстафетаси нафақат рамзий тадбир, балки халқнинг бирлиги, миллий ғурур ва чексиз садоқатининг ифодасидир. Давлат байроғи озодлик, ғурур ва ягона Ватан тимсолидир. Ушбу тадбир ОАВ ва ижтимоий тармоқлар орқали кенг ёритилиб, аҳолида миллий руҳ ва бирлик кайфиятини мустаҳкамлади.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (фото), ЎзА мухбирлари