Рақамли технологиялар вазирлигида 18 ноябрь – Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган кун муносабати билан “Миллатимиз байроғи – 33 ёшда” номли маънавий-маърифий тадбир ташкил қилинди.
Тадбирни рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов кириш сўзи билан очиб берди. Иштирокчиларни Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган кун билан самимий табриклади.

Барчани байроғимизни қадрлаш, эъзозлаш, ҳурмат кўрсатиш бўйича челленжда фаол иштирок этишга чақирди.
“Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғига нисбатан ҳурматни таъминлаган ҳолда унинг тасвири туширилган белгилардан жамоат жойларида, бинолар ва бошқа объектларда, яшаш ёки иш жойларида, шунингдек, уларга туташ бўлган ҳудудларда фойдаланилиш мумкинлиги таъкидланди.

Тадбир давомида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, шоирлар – Фахриддин Ҳайит ҳамда Рустам Мирвоҳид иштирокида “Шеър азиз олам аро...” ижодий учрашуви ташкил қилинди. Улар “Давлат байроғининг мамлакат ва инсонлар ҳаётида тутган ўрни” ва “Байроғим – фахрим” мавзуларида ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди.
Шоирларнинг она Ватан, ҳаёт, ота-она, одамийлик, меҳр-муҳаббат каби мавзуларда ўқилган шеърлари тадбир иштирокчилари томонидан ўзгача кайфият билан кутиб олинди.

Н.Раҳмонова, ЎзА