Сўнги йилларда ички ишлар органлари кундалик фаолиятини “Халқ манфаатларига хизмат қилиш” ғояси асосида чинакам халқчил тузилмага айлантиришга қаратилган улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Байрам кунлари арафасида Бухоро шаҳрининг Вобкент кўчасида 37 нафар ички ишлар органлари ходимлари ва уларнинг оила аъзолари ўзининг шахсий хонадонига эга бўлди.

Тадбирда вилоят ҳокими Ботир Зарипов, ИИБ бошлиғи ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари раҳбарлари иштирок этди. Барчани Мустақиллигимизнинг 34 йиллик байрами билан қутлади ва амалга оширилаётган халқчил ислоҳотлар натижасида бугун 37 та оила ўз уй-жойларига эга бўлаётганини таъкидлади. Оилалар байрамни ўз уйларида кутиб олишларини билдирди. Шунингдек, бунёдкорлик ишларининг бошида турган қурувчи ходимларнинг меҳнати эътироф этилди.

Тантанали тадбирда сўз олган Ички ишлар тизимида хизмат қилган нуронийлар Президентимизнинг бағрикенглик сиёсати ҳамда тизимда амалга оширилаётган ўзгаришлар ва ходимларга қилинаётган бундай рағбатлантиришларни кўриб, давлатдан миннатдор эканликларини таъкидлади.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.