--
Ҳай ёреее......
Отам йўлда топар сени сабр билан
Пўпагингни энам ечди меҳр билан.
Бахши чалар сени бор маҳорату сеҳри билан,
Чалганимда сайраб чиққан дўмбирам,
Давраларда яйраб чиққан дўмбирам.
Таърифласам, достон бўлган дўмбирам,
Борган жойи бўстон бўлган дўмбирам!
Дўмбиранинг жарангдор товуши, унинг торларидан таралаётган сеҳрли куй, бахшининг ширали овози инсон қалбини беихтиёр тўлқинлантиради, жунбушга келтиради, улкан кенгликлар, бепоён қир-адирликлару тоғу тошлар — оромбахш табиат манзараларини кўз ўнгимизда гавдалантиради. Ҳар бир чертилган тор жарангидан чиққан оҳанг қалбга етиб келади. Бахшининг нолиши, куйланаётган терма ва достоннинг мазмуни руҳимизга қувват, қалбимизга хотиржамлик, кайфиятимизга кўтаринкилик улашади.
Шунинг учун ҳам халқ оғзаки ижодининг гўзал ва бетакрор намунаси бўлган бахшичилик санъати минг йиллар давомида ўз аҳамиятини, ўрнини йўқотмасдан келмоқда. Аксинча, йиллар мобайнида сайқал топиб, ривожланиб, бой маънавий, маданий меросимиз қатларини янада бойитиб келаётир.

Бахшичилик санъати халқ оғзаки ижодининг муҳим йўналиши сифатида терма ва достонларимизнинг оғиздан-оғизга ўтиб келишига хизмат қилди. Бунда, албатта, кўзга кўринган бахшиларнинг ўрни, меҳнати, истеъдоди муҳим ўрин тутади. Юртимизда Эргаш Жуманбулбул ўғли, Фозил бахши, Ислом шоир, Пўлкан шоир, Бола бахши Абдуллаев, Шоберди Болтаев, Боборайим Маматмуродов, Абдуназар Поёнов, Қора бахши Умиров, Шомурод Тоғаев, Қодир бахши Раҳимов, Зиёдулла Исломов, Норбек бахши Абдуллаев, Қаландар бахши Норметов, Абдуқаҳҳор, Абдумурод Раҳимов, Сафар Шайдилов каби кўплаб бетакрор истеъдод соҳиблари етишиб чиққан. Улар бахшичилик санъатининг сайқал топиб ривожланиши ҳамда авлоддан-авлодга ўтиб, умрбоқий яшашига ўз ҳиссасини қўшган ва бу анъана изчил давом этмоқда.
Маълумки, юртимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Халқаро бахшичилик санъати фестивалини ўтказиш йўлга қўйилди. Биринчи бор Сурхондарё заминида, жорий йил сентябрь ойида эса Нукус шаҳрида иккинчи маротаба ташкил этилган Халқаро бахшичилик санъати ушбу санъат ривожига дунё халқлари эътиборини қаратишга қўйилган қадам бўлди, минтақа ва халқаро ҳамжамият маданий доираларида катта қизиқиш уйғотди. Икки йилда бир марта ўтказиладиган ушбу фестиваль достончилик санъатини асраб-авайлаш ва кенг тарғиб қилиш, турли халқлар ўртасида дўстлик ва ижодий ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Шу йил 16 декабрь куни ЮНЕСКОнинг Номоддий маданий меросни асраш ҳукуматлараро қўмитаси томонидан Бахшичилик санъати Инсониятнинг номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига киритилгани катта воқелик бўлди. Шу муносабат билан Президентимиз Шавкат Мирзиёев бахшичилик санъати намояндалари ва мухлисларига табрик йўллади. Мазкур табрикда “Бу юксак эътироф дунё ҳамжамиятининг Ўзбекистоннинг қадимий тарихи ва бой маданиятига, ранг-баранг ижодий мактаблар ва изчил ривожланиш силсиласига эга бўлган ноёб бахшичилик санъатига улкан ҳурмат-эътиборининг ёрқин ифодасидир”, дейилади.
Дарҳақиқат, бахшичилик халқ оғзаки ижодининг, миллий маданиятимизнинг ёрқин намуналаридан бири сифатида миллий қадриятларимизни, урф-одат ва анъаналаримизни, халқимиз турмуш тарзини, ҳаётини ўзида ёрқин ифода этади. Ушбу санъатнинг халқаро даражада эътироф этилиши эса миллий қадрият ва анъаналаримиз умрбоқийлигига ҳам замин бўлади.
– Бахшичилик санъатининг инсон маънавий тарбиясидаги ўрни беқиёс, – дейди сурхондарёлик Ўзбекистон халқ бахшиси Сафар Шайдилов. – Бахшичилик авлоддан-авлодга достон билан ўтиб келади, достоннинг кучи, маънавий-тарбиявий аҳамияти билан етиб келади. Достонларда садоқат туйғуси устуворлик касб этади — ҳар бир достонда дўстга, ёрга, Ватанга бўлган садоқат мужассам. Шу маънода достонларнинг тарбиявий аҳамияти жуда муҳим. Достонларни ўқиган вақтдаги таъсиридан кўра, унинг бахши ижросида эшитилгани кўпроқ таъсир кучига эга. Яъни бахши юракдан берилиб, маромига етказиб, ширали овозини қўшиб айтганда, қалбга янада таъсирлироқ етиб боради. Яна бир жиҳат. Халқимиз орасида “Бахшини айттиришни билма, эшитишни бил”, деган гап бор. Бу бежиз эмас. Бахшини эшита билиш, куйланаётган терма ва достонларда айтилаётган сўзларнинг моҳиятини тушуниб эшитиш бахшига янада руҳ бағишлайди, яратувчанлигини оширади. Ўз ўрнида бахши ҳам достон айтишнинг талабларига муносиб бўлиши лозим. Бунда асосий талаблардан бири тингловчиларни ром этувчи оҳанг топа билиш, достонни жозибали ва қизиқарли қилиб айта олиш, чолғу чалишни билиши лозим.
Дарҳақиқат, бахшичилик санъати ижрочидан бир вақтнинг ўзида ҳам моҳир шоир, ҳам истеъдодли хонанда, ҳам уста созанда ва актёрлик маҳоратига эга бўлишни талаб этади. Бу эса туғма истеъдод ва қобилият билан бирга, юксак ижодий салоҳиятни, тинимсиз изланиш ва меҳнатни тақозо қилади. Бахши терма, қўшиқ ва достонларни сақловчи, ёддан куйловчи, айтувчи, авлоддан-авлодга етказувчи санъаткор, халқ достончиси сифатида халқ турмуши ва маданиятини, ўзи яшаб турган юрт тарихини ва бирор чолғу чалишни билиши, хонандалик санъатини пухта эгаллаган бўлиши керак. У жонли халқ тилининг турли шаклларидан, сўз ўйинлари ва қочиримларидан, халқ мақоллари ва ибораларидан унумли фойдалана олиши лозим.

Маълумки, юртимизнинг турли ҳудудларида ўзига хос бахшичилик мактаблари мавжуд ва у янада сайқалланиб, жилоланиб, авлоддан-авлодга ўтиб келмоқда. Жумладан, Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд, Хоразм вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудларида бахшичилик санъати ривожланган бўлиб, ҳозирги кунда Булунғур, Қўрғон, Шаҳрисабз, Қамай, Чироқчи, Деҳқонобод, Шеробод, Бойсун, Жанубий Тожикистон, Хоразм ҳамда Қорақалпоқ достончилик мактаблари мавжуд. Улар бир-биридан ижро усуллари ва репертуарлари билан фарқланади.
Масалан, Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд бахшичилик мактаби вакиллари дўмбира жўрлигида бўғиқ, яъни ёпиқ овозда терма-қўшиқ ижро этиб, очиқ овозда достон жараёнига таъриф берадилар. Хоразм достончилик мактаби вакилларининг ижросида эса асосан мусиқа етакчилик қилади. Хоразм бахшичилик мактаби вакиллари чолғу ансамбли — дутор, буламан, ғижжак, тор, қўшнай, доира жўрлигида ички овозда қўшиқ-ашула ижро этиб достонларга таъриф берадилар.
Қорақалпоқ бахшичилик мактаби эса иккита йўналишдан иборат. Булар: бакси — ички овоз услуби дутор ва ғижжак жўрнавозлида ва жиров — бўғиқ овоз услубида қўбиз жўрлигида ижро этилади.
Умуман, ҳар бир мактабнинг ўзига хослиги, оҳанги, ижроси, жарангию жилоси бор. Бу эса тингловчини бир зумда ўзига ром айлаб, ўзи билан ўзи — қалбан суҳбат қуришга чорлайди, унинг руҳиятига ором бағишлайди. Достон ва термаларда тизилган воқеликлар, инсоний туйғулар, садоқат ва вафо, меҳр ва муҳаббат, виждонлилик ва ҳалоллик, ватанпарварлик ва фидойилик, қаҳрамонлик ва мардлик каби фазилатлар эса инсон маънавиятига, маданиятига, одоб-ахлоқию тарбиясига ўз таъсирини кўрсатмай қолмайди.
Яқинда Ўзбекистон халқ бахшиси Абдуназар Поёновнинг телевидениега берган интервьюсида айтган бир гапи эътиборимни тортди: “Бахшичилик санъати бўлмаганда ҳам инсон яшайверарди, ҳаёт давом этаверарди. Аммо бу санъатни тинглаш, бу санъат билан бирга яшаш, халқ оғзаки ижоди намуналарини оҳанг ёрдамида эшитиш инсонга бошқача завқ беради, ёш авлод тарбиясига жуда катта ижобий таъсир кўрсатади”.
Дарҳақиқат, бахшичилик — минг йилликлар билан юзлашган халқона ва боқий санъат. У инсон боласига керак эканки, ҳамон яшамоқда. Бахшичиликнинг дунё тамаддунидаги ўрни ва аҳамияти бисёр эканки, бугун уни дунё эътироф этмоқда. Достон ва термаларни куйлаб завқ олаётганлар, бахшини тинглаб тўлқинланаётганлар бор экан, бу санъат абадий яшашда давом этажак.
Муҳтарама Комилова, ЎзА