Мустақиллик — миллатнинг эрки, Ватаннинг бошқаруви, халқнинг қисматидир. Ана шу муқаддас қадрият юртимизда фахру ифтихор билан нишонланаётган мустақилликнинг 34 йиллигини бахмалликлар ҳам алоҳида руҳда қарши олмоқдалар.
Жиззах вилоятининг Бахмал тумани марказида жойлашган Болалар-ўсмирлар спорт мактаби ўйингоҳида бўлиб ўтган байрам тадбирида “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” шиори яна бир бор юракларга муҳрланди.
Туман ҳокими Азиз Эргашевнинг самимий табриги, бахмалликларнинг юксак кайфияти тадбирга ўзгача шукуҳ бағишлади. Юртимизда сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар Бахмал туманида ҳам ўзининг самарали натижаларини кўрсатмоқда.
Аниқ белгиланган давлат дастурлари асосида 2 мингга яқин оила моддий ёрдам, имтиёзли кредит ва доимий иш ўринлари орқали турмушларини яхшилаш имкониятига эга бўлди.
Ижтимоий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли умумий қиймати 18 миллиард сўмлик мактаб ва спорт заллари қурилди, замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланган шифохоналар фаолият бошлади. 200 ўринли болалар оромгоҳи қурилиши эса бахмаллик болажонлар учун катта совға бўлди.
“Обод хонадон”, “Обод кўча”, “Обод маҳалла” каби лойиҳалар орқали ўнлаб маҳаллалар замонавий қиёфа касб этди. Сув таъминоти, газ, йўл ва электр тармоқларида амалга оширилган ишлар туфайли юзлаб юртдошларимизнинг юзларига табассум инди. Маҳаллий аҳоли “Ташаббусли бюджет” лойиҳаларида фаол иштирок этиб, ўз ҳаётидаги муаммолар ечимига бевосита даҳлдор бўлмоқда.
Таълим соҳасида ҳам туб ўзгаришлар кузатилмоқда. Мактабгача таълим қамрови 5 фоиздан 77 фоизгача ўсди, битирувчиларнинг олий таълим муассасаларига қабул даражаси ҳам ортиб бормоқда. Ёшлар фан, маданият, спорт, IT каби соҳаларда мамлакат шарафини муносиб ҳимоя қилмоқдалар.
[gallery-25033]
Мустақиллик байрами арафасида бахмалликлар фидокорона меҳнатларининг муносиб эътирофи сифатида юртдошларимиз бир қатор юксак мукофотларга сазовор бўлишди. Жумладан, асли бахмаллик бўлган Ўзбекистон Республикаси халқ шоири, марҳум Тўра Сулаймон — “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан, Халқ депутатлари Бахмал тумани Кенгаши депутати, "Ишонч" - "Доверие" газеталари бош муҳаррири, сенатор Ҳусан Эрматов — “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист” фахрий унвони билан, “Baxmal Natural Juice” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Рустам Хўжаев — “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони билан, “Музбулоқ” маҳалла фуқаролар йиғини хотин-қизлар фаоли Дилфуза Турсунбоева — “Шуҳрат” медали билан тақдирланишди.
Бу каби юксак эътирофлар бахмалликларнинг ҳалол меҳнати, ташаббуси ва жонкуярлигининг амалий самараси сифатида барчага илҳом бағишлади.
Шундай зафарли қадам ва марралар бизни бир мақсад атрофида бирлаштиради: тинч, фаровон, гуллаб-яшнаётган Ўзбекистонни барпо этиш. Бу йўлда ҳар бир фуқаро ўз ҳиссасини қўшмоғи шарт. Ватанга муҳаббат — сўз билан эмас, амал билан намоён бўлади.
Мукофотланган ёшлардан бири — Даврон Абдурашид ўғли Маматкаримов. Унинг “Мард ўғлон” давлат мукофотига сазовор бўлиши бахмаллик ёшлар учун ибрат намунасидир.
Бахмалдаги ҳарбий қисмларда хизмат қилаётган жасур йигитлар томонидан ташкил этилган спорт намойишлари, ҳарбий машқлар ва кўргазмали чиқишлар томошабинларда катта таассурот қолдирди. Байрамда иштирок этган спортчи ва ёш армиячиларнинг қўлга киритган муваффақиятлари тантанани янада шукуҳлироқ этди.
Шунингдек, пойтахтимиздан ташриф буюрган таниқли санъаткорлар, вилоятдаги ижодкорлар, болажонлар ҳамда Бахмал туманидаги “Барлос” этнографик халқ ансамблининг концерт дастури, ҳарбий оркестрнинг жонли ижроси байрамни ҳақиқий халқ сайлига айлантирди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари