Навоий шаҳридаги Маънавият ва маърифат марказида Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази вилоят бўлинмаси томонидан вилоят ҳокимлиги ҳамда адлия бошқармаси билан ҳамкорликда “Давлат ва жамият барқарорлигини янада мустаҳкамлашда ижтимоий шерикликнинг аҳамияти” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбир давлат ва жамоат ташкилотлари ўртасидаги ижтимоий шерикликни янада мустаҳкамлаш, самарадорликни ошириш, жамият барқарорлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида ташкил этилди. Унда вилоятда фаолият юритувчи жамоат ташкилотлари ва ОАВ вакиллари иштирок этди.
Бугунги кунда юртимизда давлат ва жамоат ташкилотлари ўртасидаги ижтимоий шерикликни янада мустаҳкамлаш, фуқаролик жамиятининг ривожланишини рағбатлантириш, жамият барқарорлигини таъминлашга эътибор қаратиш, давлат ва нодавлат секторларининг ўзаро интеграциясини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
[gallery-24567]
– Ижтимоий шериклик – бу шунчаки ҳамкорлик эмас. Бу давлат органлари билан фуқаролик жамияти ўртасидаги ишонч, тенглик ва манфаатли ҳамкорликка асосланган муносабатлар тизимидир. Унинг асосий мақсади жамиятдаги ечимини кутиб турган масалаларни биргаликда ҳал қилиш, аҳолига сифатли ижтимоий хизматлар кўрсатиш, жамоатчилик назоратини таъминлаш ва одамлар ҳаётини яхшилашдан иборат, – дейди Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази Навоий вилоят ҳудудий бўлинмаси раҳбари Абдулла Рўзиқулов. – Биз нима учун ижтимоий шерикликка муҳтожмиз? Аввало, давлатнинг имконияти ҳамма жойга етиши мумкин эмас. Унинг қарори ва ресурслари чекланган. Лекин нодавлат ташкилотлар жамият ичида, инсонлар орасида, муаммони ўз кўзи билан кўриб, ҳис қиладиган тузилмадир. Улар эҳтиёжманд қатламга етиб боришда, ижтимоий муаммоларни тезда аниқлашда, маҳаллий даражада амалий ечимлар таклиф қилишда катта ўрин тутади. Бир сўз билан айтганда, давлат устун, ННТ эса таянчдир. Уларнинг биргаликдаги ҳаракати бу жамиятнинг асосий устуворлиги ҳисобланади.
Мамлакатимизда ижтимоий шерикликни қўллаб-қувватлаш бўйича қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, ижтимоий шерикликни ривожлантиришга қаратилган қонунчилик асослари шакллантирилди. 2014 йилда қабул қилинган “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги қонун эса бу соҳадаги ҳамкорликнинг ҳуқуқий пойдевори бўлиб хизмат қилмоқда. Шунингдек, ННТларни қўллаб-қувватлаш жамғармалари ташкил этилиб, давлат дастурларига уларни жалб этиш тажрибаси кенгаймоқда ва ҳудудий даражада ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланмоқда.
Давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 26 августдаги “Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони мазмун-моҳияти, фуқаролик жамияти институтларини молиявий қўллаб-қувватлашдаги янги имкониятлар, ННТларни ҳуқуқий ва методик қўллаб-қувватлаш йўналишларида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумотлар берилди.
Шунингдек, Навоий вилоятидаги фуқаролик жамияти институтларининг 2024 йил ва 2025 йилнинг 1-ярим йиллигидаги фаолияти таҳлил қилиниб, Олий Мажлис ва маҳаллий Кенгашлар ҳузуридаги жамоат фондлари фаолиятидаги ўзгаришлар, ННТларни молиявий қўллаб-қувватлашнинг янгича шакллари, очиқлик ҳамда шаффофлик тамойиллари асосида амалга оширилаётган ишларга эътибор қаратилди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари