Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёллари мулоқоти мажлиси доирасида Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева халқаро ҳамкорлар ҳамда қўшни давлатлар парламентлари вакиллари билан учрашувлар ўтказди.
БМТнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича Тараққиёт масалалари мувофиқлаштириш идораси минтақавий директори Гви-Йеоп Сон хоним билан учрашувда Ўзбекистон ва БМТ тизимидаги ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорлик истиқболлари, Барқарор ривожланиш мақсадлари доирасида амалга оширилаётган лойиҳалар ва уларнинг ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларга қўшаётган ҳиссаси ҳақида фикр алмашилди.


Г.Сон хоним Самарқандда ўтаётган ЮНEСКОнинг 43-сессияси Янги Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларга халқаро ҳамжамият томонидан билдирилаётган юксак ишонч ифодаси эканини алоҳида таъкидлади.
Қирғиз Жогорку кенеши Торағаси ўринбосари Ж.Садирбаева, Тожикистон Мажлиси Оли мажлиси намояндагон раисининг ўринбосари М.Муини, Қозоғистон Парламенти мажлиси раиси ўринбосари Д.Еспаева ҳамда Туркманистон Межлиси қўмитаси раиси Б.Мирадова билан ўтказилган учрашувларда дўстона қўшничилик, ўзаро ишонч ва стратегик ҳамкорликка асосланган муносабатлар изчил ривожланиб бораётгани таъкидланди. Бу жараёнда етакчи аёлларнинг фаол иштироки, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, жамиятда аёлларнинг ижтимоий-сиёсий ўрнини мустаҳкамлашга қаратилган ислоҳотларнинг аҳамияти алоҳида қайд этилди.


Ҳудудлар ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни янада фаоллаштириш, саноат, энергетика, ишлаб чиқариш ва ижтимоий-гуманитар йўналишларда қўшма лойиҳаларни кенгайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Учрашув иштирокчилари Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёллари мулоқоти минтақавий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, аёллар фаоллигини ошириш ва барқарор тараққиёт мақсадларига эришишда муҳим платформа эканини алоҳида таъкидлади.
Н.Абдураимова, Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА