Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясида БМТ томонидан илгари сурилган Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ)ни кенг тарғиб қилишга қаратилган Глобал ҳаракатлар ва хабардорлик ҳафталиги ташкил этилди.
Мазкур ҳафталик Университетлар глобал коалицияси (University Global Coalition) томонидан илгари сурилган халқаро ташаббус доирасида ўтказилди. Мақсад – таълим муассасаларини барқарор ривожланиш ғояларини амалий ҳаракатлар орқали қўллаб-қувватлашга жалб этишдир.
Академия жамоаси ҳамда тингловчилар ўртасида Барқарор ривожланиш мақсадлари тўғрисида хабардорлик даражасини ошириш, барқарор фикрлаш ва масъулиятли ҳаёт тарзини шакллантириш, экологик маданиятни ривожлантириш ҳамда жамиятда ижтимоий ва экологик масъулиятни мустаҳкамлаш масалаларига эътибор қаратилди.

Ҳафталик давомида Академияда қатор илмий-маърифий ва амалий тадбирлар ташкил этилди. Хусусан, БРМнинг мазмун-моҳияти, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, барқарор амалиётларни жорий этиш, соғлом турмуш тарзи ва тўғри овқатланиш, шунингдек, ёшлар ўртасида эрта никоҳнинг салбий оқибатлари каби долзарб мавзуларга бағишланган маърузалар, семинар-тренинглар, очиқ мулоқотлар ва экспертлар иштирокидаги муҳокамалар ўтказилди.

Иштирокчиларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш ва экологик маданиятини шакллантиришга қаратилган бир қатор амалий ташаббуслар амалга оширилди. Жумладан, плоггинг акцияси (югуриш ёки сайр жараёнида чиқиндиларни йиғиш), буккроссинг (ўқилган китобларни бошқаларга бериш ёки алмаштириш), Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича дебатлар, инновацион ғоялар ва стартаплар тақдимоти, шунингдек, иншо ҳамда баннер (постер) танловлари ташкил этилди.
Тадбирлар жараёнида тингловчи ва талабалар томонидан барқарор ривожланишга оид бир қатор янги ғоялар, амалий таклифлар ва ташаббуслар илгари сурилди. Бу эса таълим муассасаларида барқарор ривожланиш тамойилларини кенг жорий этиш ва уларни ҳаётга татбиқ этишда ёшларнинг фаол иштирокини янада рағбатлантиришга хизмат қилди.

Ҳафталик якунида турли йўналишларда ўтказилган танловлар ғолиблари ҳамда фаол иштирокчилар махсус сертификатлар ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Қизғин муҳокамалар, ижтимоий ташаббуслар ва амалий тадбирларга бой тарзда ўтган мазкур ҳафталик барқарор ривожланиш ғояларини янада кенг тарғиб қилиш, экологик ва ижтимоий масъулият маданиятини шакллантириш ҳамда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишга қаратилган ташаббусларни қўллаб-қувватлаш йўлида муҳим қадам бўлди.
Н.Абдураимова,
ЎзА