Ўзбекистон замонавий тарихида 2016 йил бурилиш даври сифатида алоҳида ўрин эгаллайди. Айнан шу йили мамлакат сиёсий майдонида янги эра бошланди, давлат раҳбарлигига Шавкат Мирзиёев келди. Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти сифатида фаолият бошлаган илк кунлардан бошлаб мамлакатимизда сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий ҳаётни янгилаш, жамиятни демократлаштириш ва эркинлаштириш, энг муҳими Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида кенг кўламли ислоҳотлар амалга ошириш бош мақсад қилиб олинди.
Президент сифатида у энг аввало халқ билан очиқ мулоқотга киришди. “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак” деган ғоя жамиятга кучли руҳий далда бўлди. Бу оддий шиор эмас, балки амалий фаолият мезонига айланди. Эндиликда аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш, инсон ҳуқуқини таъминлаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва энг муҳими, ҳар бир фуқаронинг овозини эшитиш давлат сиёсати марказига чиққан.
Тарихан қисқа вақт ичида мамлакатимиз раҳбарининг қатъий сиёсий иродаси ва бевосита раҳбарлиги остида демократик ислоҳотларнинг мутлақо янги босқичи бошланди. Бу жараённи белгилаб берган энг муҳим ҳужжат – Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг беш устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясидир.
Мазкур стратегия жамият ва давлатни барқарор ривожлантиришнинг узоқ муддатли йўл харитаси сифатида ишлаб чиқилиб, ўтган давр мобайнида давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини тубдан ислоҳ этишга қаратилган 300 га яқин қонун, 4 000 дан зиёд Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорлари қабул қилинди. “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” тамойилига асосан ишлаб чиқилган етти устувор йўналишдан иборат 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси эса “Инсон қадри учун” тамойили асосида халқимиз фаровонлигини ошириш, иқтисодиёт тармоқларини трансформация қилиш ва тадбиркорликни жадал ривожлантириш, инсон ҳуқуқи ва манфаатини сўзсиз таъминлаш ҳамда фаол фуқаролик жамиятини шакллантиришга қаратилган ислоҳотларнинг устувор йўналишларини белгилаш мақсадида қабул қилинди.
Умуман, Шавкат Мирзиёев давридаги ўзгаришларни уч йўналишда кўриш мумкин:
Биринчи йўналиш – давлат бошқарувида очиқлик ва халқпарварлик тамойили жорий этилиши.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бош мақсади инсон манфаатини ҳимоя қилиш, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни ва қадр-қимматини олий қадрият сифатида қарор топтиришдан иборат. Шу йўлда ташкил этилган Президент Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналари фуқароларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ҳамда маданий ҳуқуқи ва эркинлигини кафолатлашда алоҳида ўрин тутди. Давлат хизмати тизими ривожлантирилиши, Давлат хизматлари марказлари ишга туширилиши, ортиқча бюрократияга барҳам берилиши, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш ва давлат идораларининг очиқлиги бўйича янги тизим жорий этилиши асосий ислоҳотлар сифатида намоён бўлди.
Қолаверса, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси мамлакатимизда бу борадаги ёндашувни янги босқичга олиб чиқди. Эндиликда фуқаролар ҳуқуқи ва эркинлигини таъминлаш, халқаро стандартни миллий қонунчилик ва ҳуқуқий амалиётда рўёбга чиқариш демократик ислоҳотларнинг асосий мезонига айланди.
Бугунги кунда Ўзбекистон инсон ҳуқуқи ва эркинлиги соҳасида ратификация қилган 80 дан зиёд халқаро ҳужжатдаги асосий тамойиллар миллий қонунчилигимизда ўз ифодасини топмоқда.
Ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида медиа муҳит кенгайтирилиб, оммавий ахборот воситаларининг жамиятдаги, муҳим ҳукумат қарорлари қабул қилинишидаги роли оширилди. Мамлакатда гендер сиёсати янги босқичга олиб чиқилгани, хусусан Республика Гендер комиссияси ташкил этилиши адолат тамойили меъёрга келиши учун замин яратди.
Шунингдек, мажбурий меҳнат, хусусан пахта теримига болалар ва ўқитувчиларни жалб қилиш амалиёти бутунлай тугатилди. 2019 йил 8 октябрдаги Президент фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш Концепцияси қабул қилинди. Ушбу ҳужжатда соҳада давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш, ҳудудларда давлат ва нодавлат олий таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш асосида олий таълим билан қамров даражасини 50 фоиздан ошириш, соғлом рақобат муҳитини яратиш, Ўзбекистон Миллий университети ва Самарқанд давлат университетини мамлакатимиз олий таълим муассасаларининг флагманига айлантириш ҳамда республикадаги камида 10 та олий таълим муассасасини халқаро эътироф этилган ташкилотлар (Quacquarelli Symonds World University Rankings, Times Nigher Education ёки Academic Ranking of World Universities) рейтингининг биринчи 1000, жумладан ЎзМУ ва СамДУни дастлабки 500 ўриндаги олий таълим муассасалари рўйхатига киритиш мақсадлари қўйилди.
Миллий статистика қўмитаси маълумотига кўра, Ўзбекистонда сўнгги ўн йилда, филиалларни ҳам қўшганда, олий таълим муассасалари сони 2024/2025 ўқув йили бошида 153 тага кўпайиб, жами 222 тага етди, яъни 3,2 баробар ошди. Бу кўрсаткич 2015/2016 ўқув йили билан таққослаганда сезиларли ўсишни кўрсатмоқда: ўшанда олий ўқув юртлари сони бор-йўғи 69 та эди.
Йиллар кесимидаги ўсиш суръатига эътибор қаратайлик: 2015/2016 – 69 та, 2016/2017 – 70 та, 2017/2018 – 72 та, 2018/2019 – 98 та, 2019/2020 – 119 та, 2020/2021 – 127 та, 2021/2022 – 154 та, 2022/2023 – 191 та, 2023/2024 – 219 та, 2024/2025 – 222 та.
Соғлиқни сақлаш тизимида ҳам кенг қамровли ўзгаришлар амалга оширилди. Хусусан, 2018 йил 7 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент фармони мамлакатимиз тиббиёти тараққиётида янги даврни бошлаб берди, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Фармонда 2019-2025 йиллар ривожланиш концепцияси белгиланди: миллий қонунчиликни такомиллаштириш, кластер моделлари ва молиялаштириш тизимини яхшилаш, тиббий ёрдам сифатини ошириш, оналик ва болалик муҳофазаси, давлат-хусусий шериклик (ДХШ), тиббий туризм, электрон соғлиқни сақлаш (e-health), фармацевтика соҳасини ривожлантириш, кадрлар тайёрлаш каби устувор йўналишлар белгиланди.
Шунингдек, камбағаллик расмий даражада тан олинди ва камбағалликни қисқартириш бўйича комплекс ёндашув шакллантирилди. Коррупцияга қарши курашиш соҳасида ҳам ҳуқуқий ва институционал ўзгаришлар юз берди.
Ўзбекистонда фуқароларнинг виждон эркинлигига бўлган ҳуқуқини амалга ошириш учун тенг шарт-шароит яратиш, турли динларга мансуб диний ташкилотлар ўртасида ўзаро муроса ва ҳурмат ўрнатилишига кўмаклашиш, конфессиялараро тотувликни мустаҳкамлаш, жамиятда диний бағрикенглик ва дунёвийликка эришиш учун фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепцияси тасдиқланди.
Иккинчи йўналиш – иқтисодиётнинг модернизацияси ва бозор механизмига ўтиш жараёни том маънодаги энг самарали ўзгаришлардир. Хусусан, валюта бозори эркинлаштирилиши, нақд пул билан боғлиқ муаммолар бартараф этилиши, тадбиркорлик муҳити яхшиланиши, хусусан бизнесни рўйхатдан ўтказиш ва юритиш жараёни соддалаштирилиши шулар жумласидан.
Туризмни ривожлантириш доирасида 90 мамлакат учун визасиз, 48 мамлакат фуқаролари учун визасиз транзит режими жорий этилиши иқтисодиёт ривожи учун тамал тошини қўйди. 2025 йил 1 август ҳолатига кўра, Ўзбекистон фуқаролари 34 давлатга визасиз, 42 мамлакатга эса соддалаштирилган тартибда кириш имкониятига эга.
Миллий статистика қўмитаси тақдим этган маълумотга кўра, Ўзбекистонда 2025 йил биринчи ярми бўйича иқтисодий якунлар жадал ўсиш суръатини кўрсатмоқда: мамлакат ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) 7,2 фоиз ўсган. Ўтган йил шу даврда ўсиш 6,4 фоизни ташкил қилган. Умуман, мамлакат иқтисодиёти барқарор ривожланиш режимига ўтган.
Учинчи йўналиш – ташқи сиёсатда қўшни давлатлар ва халқаро ҳамжамият билан очиқ, прагматик ва дўстона алоқалар йўлга қўйилди. Экспертлар фикрича, Ўзбекистон етакчисининг энг муҳим ислоҳоти – Марказий Осиёда яхши қўшничилик муносабатлари ўрнатилгани, чегаралар очилгани, назорат манзиллари ташкил этилгани, минтақа давлатлари билан барча масалалар бўйича конструктив мулоқот йўлга қўйилгани халқаро жамоатчилик томонидан ҳақли равишда тан олинмоқда. Шу билан бирга Ташқи сиёсий фаолият концепцияси янгиланиши ҳақида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2024 йил 20 ноябрь кунги мажлисида Президент Шавкат Мирзиёев Ташқи сиёсат концепцияси янгиланиши ҳақида гапираркан, жумладан шундай деди:
– Мамлакатимизни ҳар томонлама ривожлантириш учун самарали ташқи сиёсат олиб бориш, дўст ва ҳамкорларимиз доирасини кенгайтириш, яқин қўшниларимиз билан минтақавий ҳамкорликни чуқурлаштириш – ўта муҳим вазифа. Бу мақсадда аввало ташқи сиёсат концепциясини янги таҳрирда қабул қилиш зарур, деб ҳисоблайман.
Марказий Осиёда яхши қўшничилик муносабати шаклланиши жараёни жадаллашди. 2017 йилдан бошлаб Тожикистон билан 25 йилдан кейинги биринчи самимий учрашув ўтказилди, виза режими бекор қилинди, тўғридан-тўғри ҳаво қатнови тикланди. Қирғизистон ва Туркманистон билан чегара масалалари, деярли, тўлиқ ҳал қилинди.
2018 йил Тошкентда Афғонистон бўйича нуфузли халқаро конференция ўтказилди. Термизда Афғонистон учун логистика ва таълим марказлари очилди.
Қудратли давлатлар билан шериклик, хусусан Россия билан йирик энергетика, атом станцияси ва саноат лойиҳалари, Хитой билан “Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасида транспорт ва инфратузилма лойиҳалари йўлга қўйилди, АҚШ билан сиёсий мулоқот қайта тикланди, иқтисодиёт ва хавфсизлик бўйича ҳамкорлик кўлами кенгайди. Европа Иттифоқи билан 2021 йил Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик битими бўйича музокара бошланган.
БМТ Бош Ассамблеясида “Оролбўйи минтақасини экологик инновация ҳудуди” деб эълон қилиш ташаббуси илгари сурилди. Нукусда халқаро инновация маркази ташкил этилди.
Ўзбекистон 2017 йилдан бошлаб Шанхай ҳамкорлик ташкилотидаги фаолиятини кучайтирди. 2022 йил Самарқандда ШҲТ саммити муваффақиятли ўтказилди. БМТ минбарида минтақавий хавфсизлик ва иқлим ўзгариши бўйича муҳим ташаббуслар илгари сурилмоқда. Маданий дипломатия бўйича Самарқанд, Бухоро, Хива каби шаҳарлар UNESСО Жаҳон мероси рўйхатига киритилган манзиллари билан халқаро миқёсда тарғиб қилинмоқда. Шарқ тароналари” фестивали бугунги кунга келиб, энг нуфузли халқаро тадбирлардан бирига айланган.
Мухтасар айтганда, айнан юқоридаги уч йўналиш қисқа муддатда Ўзбекистонни минтақада фаол ва обрўли давлат сифатида қайта танитди. Бугун халқаро экспертлар ҳам Ўзбекистонни “Марказий Осиёнинг янгиланиш локомотиви” деб атамоқда. Жаҳон ҳамжамияти мамлакатимиздаги иқтисодий ислоҳотларни кузатаркан, айниқса, бизнес муҳитидаги қулайликлар, валюта сиёсати либераллашуви, инвестицион жозиба ошгани ва ижтимоий соҳаларда халқ манфаатига қаратилган лойиҳалар амалга оширилаётганига алоҳида эътибор қаратмоқда.
Маълумки, Мустақилликнинг 34 йиллигига бағишланган байрам тадбирлари “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” деган эзгу ғояни ўзида мужассам этган ҳолда ўтказилмоқда. Зеро, ушбу шиор, гўёки, Президентимизнинг жамики ислоҳотларига ҳамоҳанг янграётгандек...
Ғайрат Хонназаров, ЎзА