Гоҳида юртдошларимиз томонидан банк картаси орқали кўп пул ўтказмалари амалга оширилгани ва ўз-ўзидан пластик картаси блокланиб қолгани айтилади.
Аслида банк картаси орқали қанча миқдорда пул ўтказмалари амалга оширилса, карта блокланади?
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаментининг қарорига асосан Ички назорат қоидалари тасдиқланган.
Мазкур Ички назорат қоидаларига кўра, мижознинг банк картасидан банк мобил иловаси орқали бир вақтда ёки кўп маротаба 30 кундан ошмаган муддат давомида базавий ҳисоблаш миқдорининг 500 бараварига тенг яъни бугунги кунда 187,5 млн. сўм ёки ундан ошадиган умумий суммада пул маблағларини бир ёки бир нечта банк карталарига электрон ҳамёнларга ўтказилиши ёки келиб тушиши шубҳали операциялар деб тавсифланади.
Шубҳали операция ҳақидаги хабар банкларнинг Ички назорат хизмати томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 29 июндаги 402-сон қарори билан тасдиқланган низом талабларига мувофиқ махсус ваколатли давлат органига тақдим этилади.
Мазкур ҳолатда банклар томонидан мижозларнинг карталари автоматик равишда блокланмайди.
Бироқ бундай амалиётларни доимий бажариб келаётган мижоз юқори рискли баҳоланиб, унинг пул маблағларининг келиб чиқиш манбалари банк томонидан лозим даражада текширилади. Мижоз томонидан амалга оширилаётган операциялар ва маблағлар қонунийлиги бўйича ахборотлар тақдим этилмаса, банк мижоз билан тузилган шартномани бир томонлама бекор қилишга ҳақли.
Шунингдек, банк карталари билан боғлиқ шубҳали (фрод) операциялар содир этилган тақдирда Марказий банкнинг мажбурий кўрсатмасига асосан банк карталари ва ҳисобварақлари, мобил иловалардаги аккаунтлар ҳамда электрон ҳамёнлардан фойдаланиш уч кунгача муддатга вақтинча блокланади.
Ш.Маматуропова, ЎзА