
“Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси ва Навоий вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида Навбаҳор туманида жойлашган “YASHIL OROL BY grand” МЧЖ балиқчилик хўжалигида республика семинари ташкил этилди.
Бугунги кунда Навоий вилоятида 252 та балиқчилик хўжалиги фаолият юритиб келмоқда. Уларнинг 251 таси 1,7 минг гектар сунъий сув ҳавза майдонларида ва 1 таси 21,6 минг гектар табиий сув ҳавзасида ташкил этилган. Уларнинг 3 таси балиқ личинкаларини ишлаб чиқариш, 3 таси озуқа ишлаб чиқариш ва 1 таси балиқни қайта ишлашга ихтисослашган корхоналардир.
– Навоий вилоятида интенсив технологияларни қўллаш орқали балиқ етиштириш ҳажмини кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилган, – дейди уюшма раиси ўринбосари Мақсуд Остонов. – Ҳозирда вилоятда 480 гектар ҳавзалар интенсивлаштирилиб, ҳосилдорлик 4-5 баробарга оширилди ҳамда қўшимча 5700 тонна балиқ етиштиришга эришилди. Жумладан, Навбаҳор туманида 150 гектар, Қизилтепада 120 гектар, Карманада 100 гектар, Хатирчида 60 гектар ва Конимехда 50 гектар сунъий сув ҳавзалари интенсивлаштирилди. Аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида эса 15 та маҳаллада 220 та аҳоли хонадонлари вакилларини жалб қилган ҳолда балиқ етиштириш ишлари ташкил этилди. Бундан ташқари, умумий қиймати 63 миллиард сўм бўлган қўшимча 12 та ҳудудий лойиҳалар ишга туширилиб, 97 та янги иш ўринлари яратилди. Юқоридаги ишларнинг тизимли равишда амалга оширилиши натижасида ўтган 2024 йил якунлари бўйича вилоятдаги барча хўжаликлар томонидан 14,7 минг тонна балиқ овланди.
[gallery-22663]
Семинарда “YASHIL OROL BY grand” масъулияти чекланган жамияти таъсисчиси Ориф Каримов балиқчилик хўжалигида супер интенсив усулда балиқ етиштириш лойиҳаси ҳақида иштирокчиларга маълумот берди.
– Ҳозирда балиқчилик хўжалигимиз томонидан 16 гектар майдондан иборат кўлларда асосан сазан ва оқ дўнгпешона балиқлари етиштирилмоқда, – дейди тадбиркор О.Каримов. – Ҳар бир кўлда аэротерлар ўрнатилган бўлиб, сувни кислород билан таъминлайди. Балиқ таннархини барқарор сақлаш, сарф-харажатларни камайтириш мақсадида 120 квт/соат қувватга эга қуёш панеллари ўрнатганмиз. Кунлик электр энергиясига бўлган талаб айнан қуёш панеллари томонидан ишлаб чиқарилаётган қувватлар эвазига қопланмоқда. Шунингдек, эҳтиёждан ортган қисми аҳолига сотилмоқда.
Албатта, балиқ етиштиришда уларни озиқлантириш муҳим аҳамиятга эга. Озуқа моддалари эса четдан олиб келинади. Бу ўз навбатида балиқ таннархининг ошишига ҳам сабаб бўлади. Ушбу муаммонинг олдини олиш мақсадида Қизилтепа туманида фаолият олиб бораётган “Илҳомжон келажаги” фермер хўжалиги раҳбари Илҳомжон Абдуллаев “Ўзбекистон 2025” номли балиқ озуқасини ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Семинарда тадбиркор томонидан озуқа таркиби ва ишлаб чиқариш жараёнлари ҳақида маълумот берилди.
Тадбирда 2025 йилда вилоятда балиқчиликни янада ривожлантириш мақсадида режалаштирилган ишлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди. Жумладан, вилоятдаги 900 гектар сунъий сув ҳавзаларига аэротер мосламаларини ўрнатиш натижасида 22,5 минг тоннагача балиқ етиштириш ва қўшимча 470 та янги иш ўрни яратиш мўлжалланган. Шунингдек, жорий йил якунига қадар умумий қиймати 130,5 миллиард сўм бўлган қўшимча 13 та ҳудудий лойиҳани ишга тушириб, 115 та янги иш ўрни яратиш, 900 та аҳоли хонадонларида интенсив усулда балиқ етиштиришни ташкил этиш белгилаб олинган.
Семинар давомида ОАВ вакиллари учун матбуот анжумани ташкил этилди ва иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари