Жорий йилда республика миқёсида балиқчилик соҳасини комплекс равишда ривожлантириш мақсадида бир қатор ишларни амалга ошириш режалаштирилган.
Аҳолининг балиқ ва балиқ маҳсулотларига бўлган талабини қондириш, захирани шакллантириш мақсадида Хоразм вилояти Тупроққалъа туманида жойлашган “BAQRA AQVA TECH” масъулияти чекланган жамияти томонидан инкубация цехи ишга туширилди. Ушбу цехнинг личинка ишлаб чиқариш қуввати 50 миллион донага тенг.
Ишлаб чиқарилган балиқ личинкаларини ўстириш мақсадида республика миқёсида 40 гектар майдонда репродуктор ҳавзалар барпо этилди.
Балиқчилик соҳасида янги лойиҳаларни ишга тушириб, янги иш ўринлари яратиш борасида ҳам сезиларли ишлар бажарилди. Хусусан, ўтган чорак давомида Андижонда 7,4 миллиард сўм бўлган 3 та, Қашқадарёда 6 миллиард сўм бўлган 1 та, Самарқандда 2 миллиард сўм бўлган 1 та, Фарғонада 200 миллион сўм бўлган 1 та ҳамда Сирдарё вилоятида 120 миллион сўмлик 1 та лойиҳа ишга туширилиб, 50 та янги иш ўрни яратилди.
Шунингдек, республиканинг тоғ ва тоғ олди ҳудудларида, жумладан Наманган вилояти Учқўрғон туманида умумий қиймати 110 тонна бўлган 3 та, Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида қиймати 200 тонна бўлган 1 та ҳамда Фарғона шаҳрида қиймати 200 тонна бўлган 1 та совуқ сув балиқларини етиштиришга ихтисослашган янги балиқчилик лойиҳалари ишга туширилди.
Сув ва ер ресурсларини тежаш, замонавий технологиялар асосида балиқ етиштириш ҳажмини ошириш мақсадида 10 минг гектар майдонда ярим интенсив ва интенсив усулда балиқ етиштириш ишлари ташкил этилди.
Мавжуд табиий сув ҳавзалари имкониятларидан янада самаралироқ фойдаланиш мақсадида Сурхондарё, Тошкент ҳамда Фарғона вилоятларида жойлашган табиий сув ҳавзаларига 60 га яқин қафас мосламалари ўрнатилди.
Шу билан бирга, йилнинг ҳар қандай мавсумида балиқ ва балиқ маҳсулотларини етказиб бериш ҳамда танлаш имкониятини кенгайтириш мақсадида Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида “Fu Jia” масъулияти чекланган жамияти томонидан қуввати 60 тонна бўлган қайта ишлаш корхонаси қуриб битказилди.
Юқоридаги ишларни тизимли тарзда амалга оширилиши натижасида йилнинг биринчи чорагида 19,1 минг тонна, яъни ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 106 фоиз кўп миқдорда балиқ овланди.
Бу маълумотлар АОКАда ташкил этилган “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси ахборот хизмати раҳбари Зилола Рўзиева иштирокидаги брифингда айтилди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА