
Шу кунларда Тошкент вилоятининг барча жойларида “Қадриятларинг боқий бўлсин, Наврўз!” шиори остида Наврўз байрами кенг нишонланмоқда.
Олмалиқ шаҳридаги “Металлург” маданият саройи атрофи ва “Ёшлар боғи”да ҳам баҳорий айём кўтаринки кайфиятда ўтказилди. Унга Олмалиқ шаҳар ҳокимлиги ва ОКМК томонидан алоҳида тайёргарлик кўрилди. Байрамда комбинат таркибий бўлинмалари томонидан барча миллий ва қардош халқларнинг ўзига хос қадриятлари ва урф-одатларини акс эттирган кўргазмалар намойиш этилди.


Айниқса, миллий ҳунармандчилик намуналари, бадиий чиқишлар барчада катта таассурот қолдирди.
Тадбир аввалида Олмалиқ кон-металлургия комбинати бошқаруви раиси, сенатор Абдулла Ҳурсанов, Олмалиқ шаҳар ҳокими Қобил Ҳамдамов ҳудуд фаоллари ва фахрийлар билан бирга барчани Наврўз умумхалқ байрами билан қутлаб, самимий тилакларини билдирди.


Турли миллий спорт мусобақаларида ёшлар ўз имкониятларини синовдан ўтказди. Хусусан, арқон тортиш, тош кўтариш, узунликка сакраш, кураш, шахмат-шашка каби спорт мусобақаларининг ғолибларига эсдалик совғалари топширилди. Халқ ўйинларида қатнашган болажонлар ҳам олам-олам завқ олди.


Наврўз сайлида турли танловлар, театрлаштирилган саҳна кўринишлари, мусиқий кўнгилочар дастурлар намойиш этилди. Шунингдек, сумалак, палов, кўк сомса, чучвара ва бошқа миллий таомлар тайёрланиб, барчага улашилди.


“Металлург” маданият саройи олдидаги катта саҳнада эл суйган санъаткорлар ва бадиий жамоаларнинг концерт дастури намойиш этилди.

Шунингдек, байрам тадбирида шаҳардаги олийгоҳларнинг талабалари ҳам фаол қатнашди. Улар ижросидаги бадиий чиқишлар, илм-фан ютуқларини акс эттирувчи махсус кўргазма ҳам иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.
А.Мусаев, ЎзА