Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ажойиб якунлар, янги режалар сари

2025 йил якунига етмоқда. Айни кунларда кўпчилик корхона ва ташкилотларда жорий йил сарҳисоб қилинаётир. Шу билан бир қаторда янги йилда янги улуғвор режалар сари дадил қадамлар ташланмоқда.

ЎзА мухбири Самарқанд вилояти Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Зуҳриддин Амоновга жорий йил якунлари ҳамда галдаги режаларга оид бир неча саволлар билан мурожаат қилди. Қуйида шу суҳбат мазмуни билан танишасиз.

– 2025 йил вилоятда ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш соҳасида салмоқли ютуқларга эришилганини алоҳида таъкидлаб ўтишни истар эдим. Энг муҳими, чорвачилик ва унинг тармоқларини юксалтириш учун умумий қиймати 379,8 миллиард сўмлик 81 та лойиҳа амалга оширилди. Вилоятимизга четдан 3,7 минг бош қорамол, 7,3 минг бош қўй ва эчки олиб келинди. Чорвачиликка ихтисослаштирилган туманларда, жумладан Каттақўрғонда умумий қиймати 32 миллиард сўмлик йирик кластер ташкил этилди. Наслчилик ишларини ривожлантириш мақсадида 308 минг 672 бош сигир ва тана сунъий уруғлантирилди. 75 та товар хўжаликлари наслчилик хўжалиги тоифасига ўтказилиб, уларнинг сони 205 тага етказилди. 

Бундан ташқари Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси ҳамда тадбиркорлар, тижорат банкларининг маблағлари ҳисобидан Мўғулистон давлатидан 6 минг 820 бош “баят” зотли қўй олиб келингани ҳам қувонарли ҳолдир. Шуни мамнуният билан қайд этишни истар эдимки, бу йил 752 та қорамолчилик, 223 та қўй ва эчкичилик,  4 та йилқичилик, 212 та паррандачилик, 659 та балиқчилик, 61 та асаларичилик, 18 та қуёнчилик субъектлари фаолияти йўлга қўйилди. Бу ишларда юзлаб ветеринар ҳамда чорвадорларимиз жонкуярлик ва ташаббускорлик намунасини кўрсатишди.

Деҳқон ва фермер хўжаликларига беш ярим миллиард сўмлик пуллик ветеринария хизматлари кўрсатилди.

 Франция тажрибаси асосида 13 та туманда жами қиймати 21,5 миллиард сўм бўлган 19 та гўшт ва сут йўналишидаги 30-50 бошли кичик чорвачилик хўжаликлари ташкил этилиб, уларда 800 бош қорамол парвариши йўлга қўйилди. 

Айни пайтда ветеринария ҳамда чорвачиликни ривожлантириш борасида долзарб вазифалар турганини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчи эдим.

Чорва озуқа базасини мустаҳкамлаш учун 22,3 минг гектар  майдоннинг 3,7 минг гектарига янги беда, 9 минг гектарига силос учун маккажўхори, 2,5 минг гектар ерга дон учун маккажўхори, 817 гектар майдонга хашаки лавлаги ҳамда 5,4 минг гектар ерга кузги оралиқ озуқа экинлари экилади.

Франция тажрибаси асосида тўққизта туманда гўшт ва сут йўналишидаги ўттиз-эллик бош молга мўлжалланган кичик чорвачилик хўжаликлари ташкил этиш назарда тутилган.

Натижада, қўшимча 1.191 тонна сут, 35,9 тонна гўшт ишлаб чиқарилади. Бундан ташқари 9 та товар хўжалиги наслчилик хўжалиги тоифасига ўтказилиб, уларнинг сони 231 тага етказилади. Аҳоли хонадонидаги чорва молларининг наслини яхшилаш ҳамда наслчилик ишларини ривожлантириш мақсадида 66,4 минг бош сигир ва тана сунъий уруғлантирилади.

Булунғур  туманида “Агропарранда кластери” МЧЖ томонидан 49 миллион доллар хорижий кредит линияси ҳисобидан йилига 5 миллион бош наслли жўжа етиштиришга мўлжалланган замонавий паррандачилик наслчилик корхонаси ишга туширилади. Натижада 604 та иш ўрни яратилади.

 Вилоятимизга қўшимча ўн минг  бош  наслли қўй ва эчки олиб келиниб, яқин ойлар ичида янада кўпайтириш чоралари кўрилади.

 Мўғулистон давлатидан гўшт-жун йўналишида қўй-эчки олиб келиш, қўшимча равишда йил охиригача 22 миллиард сўм миқдоридаги имтиёзли кредит маблағлари жалб қилишга эришмоқчимиз. Қувонарли томони шундаки, аҳоли ва чорвачилик хўжаликлари томонидан боқиб, кўпайтириладиган ва сақланадиган 92,7 минг бош ҳайвон Жахон банки томонидан ажратилаётган маблағлар ҳисобидан бепул идентификация қилинади ва уларнинг электрон ҳисоби юритилади.

Деҳқон ва фермер хўжаликларига 2 миллиард сўм пуллик ветеринария хизмати кўрсатилади. Энг муҳими, ветеринария ва чорвачилик соҳаларини 60-70 фоизга рақамлаштириш режалаштирилган.

Эришилаётган муваффақиятлар ва галдаги вазифалар ижросини таъминлашимизда Шербек Бўронов, Наврўз Раҳмонов, Шуҳрат Жабборов, Аброр Акбаров, Ботир Жабборов, Хуршидбек Самиев, Фахриддин Бобоев, Анвар Суюнов, Нурбек Шарипов, Матлуба Алламуродова ва бошқа фидойи инсонларнинг маслаҳатлари катта аҳамият касб этаётганини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчи эдим.

2026 йилда ҳам ютуқларимизни янада кўпайтириб, соҳада ҳар қачонгидан кўра ижобий ўзгаришларга эришамиз, деган ниятдаман.

Зуҳриддин Амоновнинг суҳбатидан шу нарса аён бўлдики, қадимий ва навқирон Самарқандда бошқа соҳалар билан бир қаторда ветеринария ҳамда чорвачилик янги йилда ҳам ҳар жиҳатдан ривож топади.

Жовли Хушбоқов, 

ЎзА мухбири