Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика “Баркамол авлод” болалар мактаби ташаббуси билан ташкил этилган “Аждодларим мероси” кўрик-танловининг вилоят босқичи юқори савияда ташкил этилди.
Тадбирда сўзга чиққанлар танлов иштирокчилари миллий ҳунармандчилик анъаналарини асраш, авлоддан-авлодга ўтказиш ва ёшлар онгида меҳнат маданиятини шакллантиришда бундай тадбирларнинг аҳамияти катта эканлигини таъкидлашди.
Танлов Урганч шаҳридаги вилоят “Баркамол авлод” болалар мактабида бўлиб ўтди. Унда “Ҳунармандчилик ва қўл меҳнати” йўналиши бўйича танловнинг туман ва шаҳар босқичларида ғолиб бўлган ўқувчилар ўз маҳоратларини намойиш этишди.
Танлов иштирокчилари томонидан тайёрланган асарлар нафақат миллий анъаналарга асосланган, балки замонавий ижодий ғоялар билан бойитилгани ҳакамлар ҳайъати томонидан алоҳида эътироф этилди.
Ёғоч ўймакорлиги, кулолчилик, гиламдўзлик, тўқувчилик каби йўналишлардаги ишларнинг ҳар бири ортида ёш ижодкорнинг меҳнати, интилишлари ва юксак дидини кўриш мумкин эди.
Танлов якунида ҳакамлар ҳайъати томонидан энг яхши ишларни тақдим этган иштирокчилар аниқланди.
“Ёғоч ўймакорлиги йўналиши”да Хива шаҳар “Баркамол авлод” болалар мактаби ўқувчиси Шаҳзод Вапаев ва “Кулолчилик йўналиши”да вилоят “Баркамол авлод” болалар мактаби ўқувчиси Солиҳа Равшанбекова биринчи ўринни эгаллашди.
– "Менга ёғоч билан ишлаш жуда ёқади, – дейди Шаҳзод Вапаев. –Устозим менга “Ҳар бир ўйма, ҳар бир нақш ортида бир тарих, бир руҳ бор.” деб ўргатган. Танловда қатнашиш орқали мен ўз усталигимни синаб кўрдим. Келгусида ҳунаримни янада ривожлантириб, дизайнерлик ва халқ амалий санъати йўналишида ўз услубимни яратишни хоҳлайман.
[gallery-24730]
“Аждодларим мероси” каби танловлар ёшларда миллий қадриятларга ҳурмат, меҳнатсеварлик, ҳунарга меҳр ва энг муҳими, ижодий фикрлаш қобилиятини шакллантиради.
Ғолиблар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов (сурат),
ЎзА мухбирлари