Кўчатчилик биологик ресурсларни сақлаш, уларни тиклаш ва ривожлантиришда муҳим ўрин тутадиган махсус аграр йўналиш ҳисобланади. У нафақат қишлоқ хўжалиги тармоғининг асосий бўғини, балки миллий иқтисодиёт, атроф-муҳит муҳофазаси ва аҳоли турмуш сифатининг яхшиланишида ҳал қилувчи омиллардан.
Айниқса, интенсив кўчатчилик усулларининг жорий этилиши — замонавий агротехнологиялар, тозаланган ва сертификатланган уруғлик материаллари, сув тежовчи усуллар ва агробизнес билимлари фермер хўжаликларининг самарадорлигини бир неча баробар оширади.
Мамлакатимизда айрим пайвандтагли кўчатларни харид қилиш харажатларининг бир қисми қопланади. Бу ҳақда Ҳукуматнинг жорий йил 28 июлдаги 468-сон қарорида белгилаб қўйилди. Мазкур ҳужжат билан “In-vitro” шароитида кўпайтирилган пайвандтагли мева ва ток кўчатларини харид қилиш харажатларининг бир қисмини қоплаш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди.
Низом тадбиркорларга мувофиқлик сертификати мавжуд бўлган “in-vitro” шароитида кўпайтирилган пайвандтагли мева ва ток кўчатларини харид қилиш харажатларининг бир қисмини қоплаш учун субсидия ажратиш тартибини белгилайди.
Субсидиялар қай тартибда ажратилади?
Қайд этилишича, янги интенсив боғ барпо этган талабгорга ҳамда дала четлари, каналлар, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқлари атрофидаги майдонларга экилган мувофиқлик сертификати мавжуд бўлган “in-vitro” шаротида кўпайтирилган пайвандтагли мева кўчатларини харид қилиш харажатларининг 50 фоизи, бироқ ҳар бир мева кўчатига 25 минг сўмдан ошмаган миқдорда, мувофиқлик сертификати мавжуд бўлган узумнинг данаксиз ва янги нав кўчатларига 7,5 минг сўмдан, маҳаллий ток кўчатларига 2 минг сўмдан ошмаган миқдорда ажратилади.
Талабгор субсидияни олиш учун “Agrosubsidiya” ахборот тизими орқали ариза билан мурожаат қилади. Ариза билан соғлом, вируслардан холи бўлган "in-vitro" лабораториясида кўпайтирилган пайвандтагли кўчатларнинг мувофиқлик сертификати нусхаси, талабгор билан “in-vitro” шароитида кўчат етиштирувчи кўчатчилик хўжалиги ўртасида тузилган олди-сотди шартномаси нусхаси ҳамда кўчатлар сотиб олингани бўйича ҳисоб-фактура, “in-vitro” шароитида кўчат етиштирувчи кўчатчилик хўжалигининг тавсияси ва мувофиқлик сертификати бўйича 3 йиллик кафолат хати каби ҳужжатлар илова қилинади.
Ишчи гуруҳ ҳужжатларни 3 иш кунида жойига чиққан ҳолда ўрганади ва субсидия ажратиш мақсадга мувофиқлиги ёки рад этиш тўғрисидаги хулосани тасдиқлайди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА