Яқинда Тошкент ва Жиззах вилоятларидаги айрим мактабгача таълим муассасаларида болаларнинг озиқ-овқат маҳсулотларидан заҳарланиш ҳолатлари кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси томонидан Меҳнат, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий масалалар қўмитаси билан ҳамкорликда мамлакатимизда соғлом овқатланиш бўйича мактабгача таълим муассасаларида амалга оширилаётган ишлар муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказилди.

Тадбирда таъкидланганидек, мактабгача ёшдаги болаларнинг жисмоний ва ақлий ривожланишида тўғри овқатланиш муҳим ўрин тутади.
Болаларнинг соғлом овқатланишини таъминлаш йўлида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, соҳада айрим камчиликлар учраб турибди. Пойтахт ва йирик шаҳарлардаги мактабгача таълим муассасалари яхши таъминланган бўлса-да, олис ҳудудларда жойлашган боғчаларда озиқ-овқат сифати, хилма-хиллиги ва гигиена талабларига риоя қилишда камчиликлар кузатилмоқда. Бу эса болалар соғлиғига бевосита таъсир кўрсатади.

Йиғилишда овқат тайёрлашда иштирок этаётган ходимларнинг малакаси ҳар доим ҳам етарли эмаслиги, айрим муассасаларда ошпазлар ва ёрдамчи ходимлар учун касбий қайта тайёрлаш курслари етарли даражада йўлга қўйилмагани қайд этилди.
Депутатлар сайлов округларида айни шу йўналишда учраётган тизимли муаммоларни ўртага ташладилар. Бу бўйича масъул вазирлик ва идораларнинг амалий ташаббуслари, муаммоларнинг олдини олиш бўйича қилинаётган ишлар ва бюджет маблағларининг тўғри тақсимланишида амалга оширилаётган ишлар самарадорлиги юзасидан маълумотлар тақдим этилишини сўрашди.

Шунингдек, санитария-эпидемиология назорати мавжуд бўлса-да, амалиётда айрим ҳолатларда у юзаки амалга оширилмоқда ёки белгиланган талабларга тўлиқ амал қилинмаяпти.
Мунозаралар давомида ҳар бир вилоят ва туман кесимида соғлом овқатланиш стандартларига риоя қилинишини қатъий назорат қилиш учун мустақил аудит тизимини жорий этиш, боғча ошпазлари ва овқатланиш бўлими ходимлари учун доимий амалий семинар ва тренинглар ташкил этиш, давлат-хусусий шериклик асосида экологик тоза, маҳаллий маҳсулотлар етказиб берувчиларни жалб этиш бўйича қатор таклифлар илгари сурилди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА