Андижонда тўртинчи босқич “Аёллар дафтари” га киритилган хотин-қизлар билан ишлаш жараёнлари, мавжуд муаммолар, уларнинг ечимлари масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Андижон вилояти ҳокимлигида вилоят Оила ва хотин-қизлар бошқармаси мутахассислари, ҳамкор ташкилотлар вакиллари, туман, шаҳар ҳокимлари ўринбосарлари, оила ва хотин-қизлар бўлимлари бошлиқлари иштирок этган йиғилишда “Аёллар дафтари” нинг 4- босқичига киритилган аёллар, уларнинг мурожаатлари бўйича ишлаш, аниқланган муаммоларни ижобий ҳал этиш, эҳтиёжманд хотин-қизларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш борасида вилоятда олиб борилаётган ишлар таҳлил этилди.
– Вилоятда “Аёллар дафтари” га киритилган хотин-қизларнинг муаммоларини бартараф этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда, – дейди вилоят ҳокимининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Гулнорахон Абдуллаева. – Хусусан, ўтган йили дафтарга киритилган 63 минг нафар аёлга амалий ёрдам кўрсатилган бўлса, жорий йилда, тўртинчи босқич “Аёллар дафтари” га 91 минг нафарга яқин аёллар киритилиши белгиланган. Улар билан бевосита ишлаш бўйича режалар ишлаб чиқилган. Айни кунда ишлар ана шу режа асосида тизимли равишда олиб борилмоқда.

Мутахассислар томонидан ҳозирга қадар рўйхатга киритилган опа-сингилларимизни қийнаётган муаммолар аниқланмоқда, уларнинг қизиқиш ва имкониятлари ўрганилмоқда. Ана шундан келиб чиқиб, аёллар турли йўналиш ва тоифаларга ажратилмоқда.
Йиғилишда ҳамкор ташкилотлар ҳамда сектор раҳбарлари билан ишлаш, доимий ҳамкорликни йўлга қўйиш, аниқланган муаммоларни белгиланган муддатларда ҳал этиш зарурлиги қайд этилди. Шунингдек, бу борада маҳалла хотин-қизлар фаолларининг масъулиятини ошириш, рўйхатга киритилган аёллар билан олиб борилаётган ишлар самарадорлигини ошириш, бажарилган ишлар, ҳал этилган масалаларни платформага киритиб бориш бўйича йўл қўйилаётган камчиликларни бартараф этиш юзасидан вазифалар белгилаб олинди.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (фото), ЎзА