Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманида “Оилалар мустаҳкамлигини таъминлашда "Оқила аёллар” ҳаракатининг ўрни" мавзуига бағишланган форум бўлиб ўтди.
“Оқила аёллар” ҳаракати аъзолари, фаол аёллар иштирок этган тадбирда туман ҳокими ўринбосари – оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Интизор Яхшиева ҳаракатнинг жамиятдаги тутган ўрни, ижтимоий муаммоларни бартараф этишдаги самарали ёндашуви ҳақида атрофлича сўз юритди.


Айни пайтда туманда қарийб 128 минг киши яшайди. Уларнинг 62 мингдан ортиғи хотин-қизлардир. Ҳаракат аъзолари маҳаллаларда хотин-қизлар фаоллигини ошириш, жамиятдаги ўрни ва мавқеини мустаҳкамлаб, оилаларда осуда, обод турмушни таъминлашда самарали фаолият юритмоқда. Маҳаллаларда янада соғлом маънавий муҳитни шакллантириб, аҳоли онгу шуурига миллий қадриятлар, эзгу ғоялар, урф-одатлар, муқаддас анъаналарни чуқур сингдириш орқали оилаларни мустаҳкамламоқда.



Форумда ҳаракат аъзоларининг туман хотин-қизларига мурожаатномаси ўқиб эшиттирилди. Маҳаллаларда оилавий қадриятларни мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшаётган бир гуруҳ фаол аёллар тақдирланди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири