Нукусда “Беш йиллик сарҳисоб: Иқтисодий мустақилликдан ижтимоий фаоллик сари” мавзусида Миллий анжуман бўлиб ўтди.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Қорақалпоғистон Кенгаши томонидан ташкил этилган тадбир иштирокчилари дастлаб тадбиркор аёллар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмаси билан танишди.
Анжуманда таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини кенгайтириш ва оилалар фаровонлигини таъминлашга қаратилган миллий тажриба – Ўзбекистон модели яратилди.
Охирги 7 йил давомида мамлакатимизда барча хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш йўналишида 100 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди. Хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш Миллий дастури амалиётга жорий этилди.
[gallery-24701]
“Ўзбекистон – 2030” стратегияси асосида ишлаб чиқилган давлат дастурида хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш белгилаб берилганлиги муҳим аҳамиятга эга. Шулардан энг асосийси – юртимизда Президентимиз ташаббуси билан хотин-қизлар масалалари бўйича жорий этилган “Аёллар дафтари” тизими бошқа ҳеч бир мамлакатда учрамайдиган ноёб механизм бўлиб, бу орқали юртимиз хотин-қизларини қийнаб келаётган муаммолар ҳал этилишига эришилмоқда. Натижада жамиятимизда муҳим ўрин тутувчи опа-сингилларимизнинг турмуш фаровонлиги оширилиб, ҳаётдан рози бўлиб яшашларига замин яратилмоқда.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек: “Бугунги фаровон ҳаётимиз ҳам, ёруғ келажагимиз ҳам аёлларга боғлиқ. Агар халқимиз биздан рози бўлишини хоҳласак, аввало, мўътабар оналаримиз, опа-сингилларимиз учун муносиб турмуш шароитлари яратишимиз керак. Она рози бўлса, оила рози бўлади, оила рози бўлса, жамият рози бўлади”.
Шу боис, Аёлларни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш комиссияси фаолияти йўлга қўйилиб, имконияти чекланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар индивидуал дастур асосида ишлаш бўйича 17 та шаҳар ва туманда давлат бюджети томонидан қўллаб-қувватланмоқда.
“Аёллар дафтари” — ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлаш ҳамда билим ва касб-ҳунар ўрганишга эҳтиёжи ва иштиёқи бўлган ишсиз хотин-қизларнинг муаммоларини аниқлаш, бартараф этиш ва назоратини олиб бориш бўйича маълумотлар базаси ҳисобланади.
Бугун инсон қадрини улуғлаш, айниқса, хотин-қизларни ҳаётдан рози қилиш муаммоларини манзилли, ижобий ҳал этиш, самарали ва жойида ҳал этиш борасида ноёб тажриба — “Аёллар дафтари” тизими муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу борада қабул қилинган бир қатор фармон ва қарорларга мувофиқ “Аёллар дафтари” билан ишлаш тизими изчил такомиллаштирилди.
Қорақалпоғистон Республикаси бўйича 5 та босқич давомида 193 минг 126 нафар хотин-қиз “Аёллар дафтари”га киритилиб, уларни ижтимоий-иқтисодий ва моддий қўллаб-қувватлаш учун жами 291 миллиард 775 миллион сўм миқдорида маблағ ажратилди.
Хатлов натижалари асосида “маҳалла еттилиги”нинг коллегиал қарори асосида жами 58 минг 13 нафар эҳтиёжманд хотин-қиз “Аёллар дафтари”нинг 6-босқичига киритилиб, жорий йилнинг 6 ойи якуни билан 35 минг 899 нафари (61,9 фоизи) га амалий ёрдам берилди. Шу билан бирга, “Аёллар дафтари”га киритилган барча хотин-қизларга бир қатор қўшимча ёрдам кўрсатилди.
“Аёллар дафтари” тизими йилдан-йилга такомиллашиб, шу кунга қадар қўмитанинг “xotin-qizlar.uz” платформаси орқали “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар тўғрисидаги маълумотлар базаси тўлиқ рақамлаштирилди.
Фойдали дастурлар яратиш йўналишида қўмита томонидан ҳар бир ҳудуд кесимида хотин-қизларнинг тадбиркорлик кўникмаларини ошириш, уларни касб-ҳунарга ўқитиш бўйича ҳуқуқий ёрдам, сўровномалар ўтказиш ҳамда кунлик мониторинг аниқлаш базасига эга бўлган “ayollar-bandligi.uz” электрон платформаси яратилди. Тизимни тўлиқ рақамлаштиришга эришиш орқали киритилган маълумотларни назорат қилиш ва баҳолаш, очиқ ва шаффоф ҳисобот олишга эришиш имконияти яратилади.
Бу тизим орқали минг-минглаб ёлғиз оналар ўз манфаатларини ҳимоя қилишни ўрганди ва меҳнат бозорига қайтиш имкониятига эга бўлдилар.
Аёллар дафтари — аёлни уйма уй топиб, қўллаб, ҳаётга етаклаган тизимдир. Энг муҳими — бу тизим шунчаки бир маромда давом этмади, балки янги ижтимоий қонунчиликка асос бўлди.
Тадбир якунида бир гуруҳ фаол хотин-қизлар ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирланди.
Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайхо Маҳкамова иштирок этди ва нутқ сўзлади.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА