Бугунги кунда хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларини тизимли ҳал этиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Айниқса, жорий қилинган “Аёллар дафтари” механизми мамлакатимизда аёллар билан манзилли ишлашнинг самарали амалиёти сифатида ўзини тўлиқ оқламоқда.
Жумладан, Навоий вилоятида ҳам мазкур тизимнинг олтинчи босқичи доирасида амалга оширилган ишлар натижаси буни яққол тасдиқлайди.
Тизимнинг олтинчи босқичи доирасида жами 30 мингдан ортиқ хотин-қиз қамраб олиниб, улардан 99,7 фоизининг муаммолари ҳал этилди. Бу ишлар учун қарийб 21,5 миллиард сўмдан зиёд маблағ йўналтирилди.

– “Аёллар дафтари”нинг асосий мақсади ижтимоий қийин аҳволдаги, ишсиз ёки эҳтиёжманд хотин-қизларнинг муаммоларини аниқлаш ва уларга амалий ёрдам кўрсатишдан иборат. Бу жараёнда хатлов ишларининг тўғри ташкил этилиши ва ҳар бир аёлнинг ҳолати индивидуал ўрганилиши муҳим аҳамиятга эга, – дейди вилоят ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Малика Мамадиёрова. – Навоий вилоятида 30 минг 137 нафар хотин-қиз “Аёллар дафтари”га киритилган бўлиб, амалдаги тартибга мувофиқ, хотин-қизлар 6 тоифага ажратилган. 1-тоифага киритилган 10 минг 950 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож, ишсиз хотин-қизларнинг 10 минг 946 нафарининг бандлиги таъминланди Уларнинг 4 минг 981 нафари эса доимий ишга жойлаштирилган бўлса, 980 нафари касбга ўқитилди.

2-тоифадаги тадбиркорлик қилиш истагида бўлган 848 нафар аёлларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун 13 миллиард сўмдан зиёдроқ кредит ажратилди. 3-тоифа – 4 минг 930 нафар боқувчисини йўқотган аёлларга 3,1 миллиард сўм моддий ёрдам берилиб, 107 нафарининг уй-жойи таъмирлаб берилди. 4-тоифага киритилган 10 минг 615 нафар ногиронлиги бўлган ёки тиббий ёрдамга муҳтож хотин-қизларга 6,8 миллиард сўмлик моддий ёрдам ажратилди ва 115 нафарининг уйлари таъмирланди. 5-тоифадаги 279 нафар уй-жойга муҳтож хотин-қизларга 651 миллион сўм маблағ сарфланган бўлса, сўнгги тоифадаги 2 минг 515 нафар ногирон фарзанди бўлган аёлларга 1,5 миллиард сўм моддий ёрдам берилди, кўпчилиги томорқада меҳнат билан банд қилинди.

Шунингдек, “Аёллар дафтари”даги хотин-қизларнинг барчаси тиббий кўрикдан ўтказилиб, 24 минг 462 нафарига турли тиббий ёрдамлар кўрсатилган ва бу йўналишга 2,5 миллиард сўм маблағ ажратилган.
Албатта, хотин-қизлар муаммоларини ҳал этишда “Аёллар маслаҳат кенгаши” ҳамда маҳаллий ҳокимликлар, ташкилот ва корхоналар раҳбарлари, шунингдек, жамоатчилик ташкилотлари ўртасида самарали ҳамкорлик тизими йўлга қўйилган. Бу ҳамкорлик орқали ҳар бир аёлнинг муаммоси алоҳида ўрганилиб, ечим топмоқда.

Энг муҳими, мана шундай тизимли ёндашув орқали кўпчилик хотин-қизларимиз меҳнат бозорида ўз ўринларини топган бўлса, аксарияти ўз бизнесини бошлади ёки ижтимоий ёрдам орқали турмуш даражаси сифатини яхшилади.
А.Бўриев, ЎзА