Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан “Аёлга бахт беринг, саодат беринг” деб номланган мушоира кечаси бўлиб ўтди.
Шеърият, нафосат, китобхонлик байрамига айланган ушбу адабий анжуманга ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунос олимлар, шеърият мухлислари таклиф этилди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзо Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан аёлларга қаратилаётган эътибор адабиёт, журналистика соҳаларида фаолият юритаётган аёллар ижодида ҳам ўзининг ёрқин ифодасини топаётганини, бу эса янги-янги бадиий асарлар яратишга туркти бераётганини эътироф этди.
Адабий мушоира аввалида адабиёт ва оммавий ахборот воситалари соҳаларида кўп йиллар давомида фаол меҳнат қилиб келаётган Хосият Бобомуродова, Муҳаббат Ҳамидова, Гулчеҳра Умарова, Феруза Одилова, Дилором Исмоилова, Сайёра Тўйчиева, Мунаввара Усмонова, Саодат Ўрмонова, Дилфуза Шомаликова сингари ижодкорларга эсдалик совғалар ва байрам гулдасталари топширилди.

Дарҳақиқат, бугунги кунда миллий адабиётимиз ривожида юқорида номи келтирилган ижодкорлар билан бирга, Фарида Афрўз, Шаҳодат Исахонова, Олмосхон Аҳмедова, Қутлибека Раҳимбоева, Шарифа Салимова, Зулфия Мўминова, Зебо Мирзаева, Фароғат Худойқулова, Хосият Рустамова, Зилола Хўжаниёзова, Гулжамол Асқарова ва бошқа кўплаб шоира, адибалар самарали меҳнат қилмоқда.
Уларнинг ижоди наинки мамлакатимизда, балки халқаро миқёсдаги адабий анжуманларда, форум ва конгрессларда юксак эътироф этилмоқда. Ижодий танловларда совринли ўринларга муносиб топилмоқда. Дилбар куй-қўшиқ бўлиб хонадонларимизга, қалбларимизга кириб бормоқда.

–Биз нимаики ёзаётган бўлсак, барини мўътабар оналаримиз, мунис қизларимизга бағишлаймиз, – деди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Рустам Мусурмон. – Онажонларимиз, азиз опа-сингилларимиз биз учун чин маънода илҳом, ижод манбаидир.
– Ўзбек аёлларининг шеърияти дунё билан бўйлашадиган шеъриятдир, – деди таниқли шоир Муҳаммаджон Исмоилов. – Уларнинг ижод намуналарини ўқиб, ҳайратланамиз, фахрланамиз. Бу шеърият дунё шоиралари ижодидан устун бўлса устунки, лекин асло кам эмас.
Мушоирада бахт ва баҳор, мушфиқ оналар, аёллик саодати, жонажон Ватанимизни мадҳ этувчи шеърлар янгради. Чиндан ҳам мўътабар опа-сингилларимиз ижод ва илҳомнинг ҳақиқий манбаи экани ушбу шеърият байрамида яна бир карра намоён бўлди.
Назокат Усмонова,
Аҳмаджон Эргашев (сурат),
ЎзА