Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Аёл ва бола бахти – жамият бойлиги

Муносабат

Мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, айниқса, аёллар ва болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган “Инсон қадри учун” тамойили бугунги кунда мамлакат тараққиётининг муҳим ғоявий асосига айланди. Ушбу тамойил жамият ҳаётининг барча соҳаларида, айниқса, оила институтини мустаҳкамлаш, аёллар ва болалар манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирларда ўз ифодасини топмоқда.

Бу борада, Президентимизнинг жорий йил 3 мартдаги “Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чоралар тўғрисида”ги фармони мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини таъминлаш, оилада соғлом муҳитни шакллантириш ҳамда жамиятда аёллар ва болаларнинг манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган муҳим ҳуқуқий ҳужжат бўлди.

Ушбу ҳужжатда никоҳ ёшига етмаган шахслар билан ҳақиқатда никоҳ муносабатларига киришиш ҳолатларининг, яъни эрта никоҳларнинг олдини олиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Эрта никоҳ кўп ҳолларда ёшларнинг таълим олиш имкониятларини чеклаб қўяди, уларнинг келажакда мустақил ҳаётга тайёргарлик кўришига тўсқинлик қилади. Шу боис бундай ҳолатларнинг олдини олиш ёшларнинг соғлом ва баркамол авлод бўлиб камол топиши учун муҳим аҳамиятга эгадир.

Бунда, айниқса, ота-оналарнинг ўз фарзандлари тақдири ва келажаги учун масъулиятини янада ошириш масаласи муҳим аҳамият касб этади. Чунки оила – инсон тарбиясининг илк ва энг муҳим маскани ҳисобланади. Оиладаги муҳит, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибат боланинг келажакда қандай инсон бўлиб вояга етишида ҳал қилувчи омилдир.

Молиявий мустақилликка эришган, ҳаётга тайёр ва оила қуриш масъулиятини англайдиган ёшлар ўртасида никоҳ тузишни рағбатлантириш эса азалий миллий қадриятларимизга ҳамоҳанг эзгу мақсадларни ифода этади. Мустаҳкам оилалар жамият барқарорлиги ва тараққиётининг муҳим пойдеворидир.

Ушбу фармонда белгиланган вазифалар, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг Сайловолди дастурида белгиланган мақсад ва вазифалар ижросини таъминлашда ҳам аҳамиятли ҳисобланади. Аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, улар учун муносиб ҳаёт шароитларини яратиш ҳар биримизнинг устувор вазифамиз бўлмоғи лозим. Зеро, бахтли оила, бахтли аёл ва бахтли бола бор жамиятда тараққиёт, фаровонлик ва барқарорлик қарор топади.

Нурлибай Қайпбергенов,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси

ЎзА.