Навоий шаҳридаги Маънавият ва маърифат марказида “Аёл – қадриятлар давомчиси” мавзусидаги маросим ҳамда урф-одатлар танловининг вилоят босқичи ўтказилди.
Навоий вилояти Оила ва хотин-қизлар бошқармаси ва тегишли ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбир аввалида бошқарма бошлиғи – вилоят ҳокими ўринбосари Малика Мамадиёрова сўзга чиқиб, юртимизда хотин-қизлар учун яратилаётган шароит ва имкониятлар, миллий қадриятларни ёш авлод онгига сингдиришда хотин-қизлар ролини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталиб ўтди.

Бугунги кунда вилоятда жами аҳолининг 540 минг нафардан зиёди, яъни 49,3 фоизини хотин-қизлар ташкил этади. Айни пайтда 92 нафар аёл халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутати, 98 нафари “Мўътабар аёл” кўкрак нишони, 35 нафари “Зулфия” номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланган. Шунингдек, олий таълим муассасаларида фаолият олиб бораётган хотин-қизларнинг 12 нафари фан доктори, 163 нафари фан номзоди илмий унвонига эга. Айни пайтда олий таълимдаги қизлар улуши 58,6 фоизни ташкил қилмоқда.

Ушбу танловнинг айнан маҳаллада истиқомат қилаётган фаол хотин-қизлардан иборат жамоалар ўртасида ўтказилаётганлиги эса уларнинг ўзаро бирдамлик ва аҳиллик асосида миллий ҳамда умуминсоний қадриятларни кенг тарғиб қилишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Танловда шаҳар ва туман босқичида ғолиб бўлган 11 та жамоа 3 та шарт асосида ўзаро беллашди. Шартларда Ватанга муҳаббат, онанинг миллат тарбиясидаги ўрни, маросим, урф-одат ва халқ ўйинлари мавзуларига асосий эътибор қаратилди.

Якуний натижаларга кўра, 1-ўринни Қизилтепа туманининг “Ванғози барчинлари”, 2-ўринни Навоий шаҳрининг “Муқаддас аёл” ва 3-ўринни эса Конимех туманининг “Тўмарис аёллар” жамоаси қўлга киритди.

Тадбир якунида ғолиб ва совриндорлар, шунингдек, фаол жамоалар муносиб тақдирланди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири