
Жиззах вилоятининг шаҳар ва туманларида худди шу шиор остида маънавий-маърифий ва маданий тадбирлар бўлиб ўтмоқда.
Зафаробод туманида ташкил этилган миллий қадриятларни ўзида мужассам этган маънавий-маърифий тадбирда аёллар маънавияти, уларнинг оилада ва жамиятда тутган ўрни, қадр-қиммати ва фарзанд тарбиясидаги вазифалари ҳақида сўз борди.
Шахсий ривожланиш, ижтимоий ҳаётда фаол иштирок этиш, гендр тенглик ва миллий қадриятлар, хотин-қизларнинг ҳақ-ҳуқуқларини тушунтириш, оила ва жамиятдаги муаммоларни бартараф этиш борасида ёшларга зарур маслаҳат ва тавсиялар берилди.

Миллий қадриятларимизни тарғиб қилиш ва хотин-қизларнинг ижодий салоҳиятини намоён этиш мақсадида “Аёл – миллий қадриятларимиз давомчиси” шиори остида ўтказилган “Чаққон келин” танлови эса кўпчиликнинг диққат марказида бўлди.
Мазкур танловда қуйи ва ҳудудий босқичларда ғолибликни қўлга киритган тумандаги маҳалла фуқаролар йиғинларидан келган 6 нафар ёш келин миллий урф-одат ва анъаналаримизга тўла риоя этган ҳолда ўз маҳорат ва истеъдодларини, миллатимизга бўлган ҳурмат ва садоқатларини намойиш этди.

– Ушбу тадбирларимизни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад аёлларимизнинг миллий қадриятларимиз ва анъаналаримиз бардавом бўлишидаги масъулиятини тўлалигича ҳис эттириш, уларнинг жамиятдаги муҳим ўрнини англатиш ва ёш авлодга ушбу қадриятларни маданий, маърифий ва маънавий тадбирлар орқали етказишдан иборатдир, – дейди Зафаробод туман ҳокими ўринбосари Шоҳида Мавлонова. – Шунингдек, ёш келинларимиз ва қиз-жувонларимизнинг оилада миллий қадрият ва анъаналаримиз бардавомлигини таъминлаш, жамиятда, оилада ва қайнона-қайнота олдидаги келинлик бурчларини англатиш ҳамда шу танлов орқали намойиш этишдир. Ўйлайманки, бунга маълум даражада эриша олдик.

Тадбирда фаол иштирок этган қатнашчилар, “Чаққон келин” танлови ғолиб ҳамда совриндорлари Жиззах вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармасининг ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат),
ЎзА мухбирлари