Маълумки, Олий Мажлис Сенати, Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси ҳамда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан “Гендер тенглик фаоли” миллий танлови ўтказиб келинмоқда.
“Аёл маърифати – жамият тараққиётининг мустаҳкам пойдевори!” шиори остидаги танловнинг Тошкент вилояти босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими Олмалиқ шаҳридаги “Металлург” маданият саройида бўлиб ўтди.
Унда Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев, ОКМК бошқарув раисининг ходимлар ва ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари Саъди Шерматов ва соҳа масъуллари иштирок этди.

Дастлаб, сўз олган Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев давлатимиз раҳбари раҳнамолигида юртимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш борасида кенг кўламли, изчил ислоҳотлар амалга оширилаётганини таъкидлади. Бу каби танловлар мамлакатимизда хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни, салоҳияти ва фаоллигини юксалтиришга қаратилган эзгу ташаббусларнинг ёрқин ифодаси эканини билдирди.

– Янги Ўзбекистонни барпо этиш, юксак марраларни кўзлаб яшашда ҳам аёлларимиздан ўрнак олсак арзийди. Таълим соҳасида фаолият кўрсатаётган хотин-қизларнинг 211 нафари (Phd)олималардир. Шунингдек, 17 мингдан зиёд тадбиркор аёллар, 1045 нафар ҳунарманд аёллар ва 221 нафар фермер аёллар ҳисобига тўғри келади. Бошқарувдаги раҳбар хотин-қизлар 29,7 фоизни, қишлоқ хўжалиги ва қурилиш соҳасида 39,5, молия ва суғурта соҳасида 51,4, саноат, савдо, ташиш ва сақлаш, яшаш ва овқатланиш бўйича хизматлар соҳаларида 46, таълим соҳасида 77,1, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар соҳасида 78, профессионал, илмий ва техник соҳасида 30,4, ахборот ва алоқа соҳасида 32,2 фоизни ташкил қилмоқда, – деди вилоят ҳокими З. Мирзаев.

Танловда иштирокчилар жамиятда тенглик ва адолат принципларини қарор топтириш, хотин-қизларнинг иқтисодий ва ижтимоий ҳаётдаги фаоллигини оширишга қаратилган ишлари муносиб баҳоланди.
Хусусан, “Олмалиқ КМК” АЖда фаолият юритиб келаётган “Олтин қўллар” истеъдодли хотин-қизлар клуби томонидан тайёрланган қўл меҳнатини акс эттирувчи кўргазмалар, миллий либослар намойиши тақдим этилди.

Эътиборлиси танловнинг вилоят босқичида комбинат “Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол республика даражасидаги давлат органи” номинацияси бўйича ғолиб деб топилиб, Республика босқичига йўлланма олишга сазовор бўлди.
Шунингдек, “Йил аёли”, “Энг намунали маҳалла хотин-қизлар фаоли” миллий танловларининг Тошкент вилояти босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими ҳам ўтказилди.
А.Мусаев, ЎзА.