Ўзбекистон давлат консерваториясида “Аёл баёти” деб номланган мусиқий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси аъзолари, консерватория профессорлари Ойдин Абдуллаева ва Хуршида Ҳасанованинг асарлари маҳоратли пианиночи Заҳро Муҳаммаджонова ижросида иштирокчиларга тақдим этилди.
Жаҳон мусиқа тарихида аёл композиторлар сони эркак композиторларга нисбатан анча кам. Ана шу камсонли композиторлар орасида Ойдин Абдуллаева, Хуршида Ҳасанова ҳамда пианиночи З.Муҳаммаджоноваларнинг асарлари Ватанга муҳаббат ва садоқат, оилага ҳурмат, меҳр, вафо, соф инсонийлик, меҳнатсеварлик туйғуларини тараннум этиши билан қимматлидир.

— Мазкур мусиқий-маърифий дастур ташаббускорлари бўлган ҳар учала ижодкоримиз ҳаёт ва ижод йўлларида бир-бирлари билан чинакам дўст ва елкадошдирлар. Жаҳон мусиқа тарихига назар ташласак, ижодкорларнинг бу каби дўстлашуви янгидан-янги асарларнинг пайдо бўлишига замин яратганини кўрамиз. Ҳар бир композитор учун унинг асарларининг муносиб ижрочилари ва миннатдор тингловчилари бўлиши ҳақиқий бахтдир. Ушбу дастурда Ойдин Абдуллаева ҳамда Хуршида Ҳасанова ижодий бахтга эришдилар, деб бемалол таъкидлаш мумкин. Зеро, замонамизнинг маҳоратли пианиночиси Заҳро Муҳаммаджонованинг бетакрор, жозибали ижроси билан ижодкорларнинг юқори профессинал маҳорати ва ижодий салоҳияти тўла-тўкис намоён бўлди ва асарлар тингловчиларда унутилмас таассурот қолдирди, — дейди санъатшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент Моҳина Абророва.

Мусиқий-маърифий тадбирда аёл қалбининг нозик ҳиссиётлари орқали вужудга келган мусиқий асарлар тақдим этилди. Қонунчилик палатаси депутати, Зулфия давлат мукофоти соҳибаси, профессор, композитор Ойдин Абдуллаеванинг ижоди миллий ва замонавий жиҳатларни ўзида мужассам этган. Унинг “Мушоҳада” деб номланган асаридаги миллий оҳангларнинг тараннуми, айниқса, фортепианода дутор чолғусининг имитацияси тингловчиларга манзур бўлди. Асарда бир аёлнинг хаёлот оламига шўнғигани тасвирланган. Аёлнинг ўзига хос нозик қалби, дунёқараши ва мушоҳадаси композитор томонидан юксак маҳорат ва дид ила тасвирлаб берилган.

Шунингдек, “Қорақалпоқча” деб номланган фантазияда қорақалпоқ заминининг чексиз чўлу-адирлари, халқининг заковати, қадимий анъаналари фортепиано кўмагида ўз ифодасини топган.
Ўзбекистон давлат консерваторияси “Композиторлик ва чолғулаштириш” кафедраси мудири, профессор, “Дўстлик” ордени соҳибаси Хуршида Ҳасанованинг асарлари ҳам тадбирга алоҳида жозиба бағишлади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА