Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 11 апрелдаги фармойишига мувофиқ, Жиззах вилоятининг Айдар–Арнасой кўллар тизими ҳудудида мавжуд туризм салоҳиятидан самарали фойдаланиш, ички ва ташқи сайёҳлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, замонавий йўл-транспорт ва сервис инфратузилмасини шакллантириш орқали янги туристик маркaз барпо этиш вазифаси белгиланган эди.
Мазкур фармойиш ижроси доирасида ҳудудда сайёҳлар учун кенг қамровли хизматлар таклиф этувчи “Aydarko‘l Resort” туризм мажмуаси барпо этилди ва тантанали тарзда фойдаланишга топширилди.
Очилиш маросимида Жиззах вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Улуғбек Мустафоев иштирок этиб, мазкур лойиҳанинг аҳамияти ҳақида тўхталди. Унинг таъкидлашича, давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси билан туризм ва экологик уйғунлик асосида Ўзбекистон Миллий банки акциядорлик жамияти маблағлари ҳисобидан ташкил этилган ушбу экотуризм маскани аҳолига ҳам, хорижий меҳмонларга ҳам чинакам совға бўлди.
– Дунёнинг ривожланган мамлакатларидаги каби замонавий шаклда бунёд этилган ушбу соҳил бўйи мажмуаси янги қурилган аэродром ва автомобил йўллари орқали юртимиз ҳамда чет эллик сайёҳларни жалб қила оладиган йирик туризм масканига айланмоқда, – деди Улуғбек Мустафоев.
Лойиҳа “Ўзмиллийбанк” АЖ инвестицияси ҳисобидан амалга оширилиб, дам олиш, спорт, соғломлаштириш ва табиат қўйнида мазмунли ҳордиқ чиқаришни истаган меҳмонлар учун зарур сервис хизматларига эга замонавий мажмуа сифатида ташкил этилди. Мажмуа учун ажратилган 23,8 гектар ер майдонидан ташқари, 5 гектарлик чўмилиш зонаси ҳам унинг таркибига киради. Лойиҳа доирасида 200 ўринли 100 хонадан иборат пансионат, 300 ўринли меҳмонхона, 100 ўринли 40 капсула уйи, 500 ўринли автотураргоҳ, 25х12 метрли очиқ бассейн, картодром, болалар ўйингоҳи ва спорт майдончалари барпо этилди. Ҳудудни кўкаламзорлаштириш мақсадида 2 минг туп манзарали дарахт кўчатлари экилди.
Меҳмонлар учун сувда сайр қилишга мўлжалланган 60 ўринли кема, 4 та моторли қайиқ, парасейлинг, 10 та квадрацикл, 10 та картинг ва сув аттракциони олиб келинди. Пляж зонаси турли спорт мусобоқаларини юқори савияда ўтказиш имкониятини беради. Мажмуа таркибидаги санатория бўлими физиотерапия, хусусан шифобахш балчиқ билан даволашга ихтисослашган бўлиб, замонавий терапевтик ускуналар билан жиҳозланган.
Лойиҳанинг яна бир муҳим жиҳати — Франциянинг нуфузли Accor Group халқаро меҳмонхона бренди жалб этилгани. Меҳмонхона “Greet Aydarko’l” бренди остида, “HotelPro” бошқарув компанияси билан ҳамкорликда ишлайди. Бу хизматлар сифатининг халқаро стандартларга мослашуви, бошқарув самарадорлиги ва бозорда танилишини таъминлайди.
Лойиҳа доирасида 150 та доимий иш ўрни яратилди. Ҳудудни ободонлаштириш ишлари чоғида 30 миллиард сўмга 28,5 километр автомобил йўли таъмирланди, 6 миллиард 26 миллион сўмга 3,3 километр ичимлик суви тармоғи, 500 метркублик сув омбори ва назорат пункти қурилди. Маҳалладаги 94 нафар ишсиз фуқаро, жумладан 33 нафар ёш иш билан таъминланиши режалаштирилган. Арнасой техникумида хизмат кўрсатиш ва туризм йўналиши очилиб, шу соҳа бўйича ёшлар тайёрланмоқда.
– Мен Самарқанд вилоятидан 1983 йил “Бахтли” маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Наврўз қўрғонига кўчиб келиб, Айдаркўлда 40 йилдан зиёдроқ вақт аввал балиқчилик, кейин балиқчилар бригадаси бошлиғи бўлиб ишладим, – дейди 82 ёшли Хўжамурод бобо Эрматов ўз ҳаёт йўли ва ҳудуддаги ўзгаришлар ҳақида гапириб. – Йўлларимиз абгор ҳолатда эди, ёғин-сочинда лой, ёзда тупроқ. Мана шу мажмуа барпо этилиши муносабати билан текис асфальт ётқизилди. Электр таъминоти яхшиланди, тоза ичимлик суви келтирилди. Авваллари фақат балиқчилик ва чорвачилик билан шуғулланган ёшларимиз, айниқса хотин-қизларимиз доимий иш ўрнига эга бўлди. Бундан биз жуда-жуда хурсандмиз.
Жиззах вилояти Кенгашининг депутати Рустам Ўтабоев эса бунёдкорлик ишларини қуйидагича баҳолади:
– 50 йилдан зиёд вақтдан бери шу Арнасой туманида яшаб, фермерлик қиламан. Ўтган йили келганимда бу жой чакалакзор эди. Қаранг, 6–7 ой ичида бу ерда муҳташам санаторий, хостел, ресторан, дам олиш капсулалари, даволаниш ва спорт объектлари барпо этилибди. Гиёҳ битмайдиган жойда мослаштирилган дарахтлар ўтқазилиб, кичик ўрмонча яратилибди. Илгари тузук йўл йўқ эди, ҳозир эса асфалтнинг текслигини қаранг. Аэропорт қурилиши ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаган эдик, энди самолёт қатнаши йўлга қўйилади. Яқин орада темир йўл ҳам келиши режалаштирилибди. Президентимиздан, “Ўзмиллийбанк”дан бутун арнасойликлар миннатдор.
“Discovеr Invеst” томонидан амалга оширилган 220 миллиард сўмлик туризм лойиҳасининг ижроси билан мажмуа бир вақтнинг ўзида 1000 нафаргача сайёҳни қабул қила олади. Келгуси йилда 300 ўринли меҳмонхона ва қўшимча туристик объектлар фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.
2026 йил якунига қадар “Бахтли” МФЙ га туризм маҳалласи мақоми берилиши кутилмоқда. 68 та хонадонда уй–меҳмонхона тизими жорий этилади. Аҳоли учун ажратилган 7 миллиард сўм маблағ ҳисобидан инфратузилма босқичма-босқич яхшиланади.
Ҳудудга Тошкент, Сирдарё ва Самарқанд вилоятларидан 500 минг туристни жалб қилиш режалаштирилган. Оила ва ёшлар учун “Sheekend tour”, “Family rest”, “Youth camp” каби ихтисослаштирилган турпакетлар жорий этилади.
Айдар–Арнасой кўллар тизимидаги 23,8 гектарлик ҳозирги ҳудуд яқин келажакда 400 гектарлик кичик туристик шаҳарчага айлантирилиши кўзда тутилган. Натижада 20 та янги туризм хизмати йўлга қўйилиб, 1000 нафар аҳоли иш билан таъминланади. Ҳар йили 100 минг хорижий ва 500 минг маҳаллий сайёҳ қабул қилиниши режалаштирилган.
[gallery-26399]
Очилиш тантанаси Ўзбекистоннинг машҳур эстрада хонандалари — Жаҳонгир Фозилжонов, Шоҳруххон, шунингдек, мақомчилар ансамбили ва маҳаллий истеъдодли ижрочи ёшлар иштирокидаги концерт дастури билан янада кўтаринки руҳда ўтди.
Айдар–Арнасой эндиликда мамлакатнинг энг жозибадор янги туристик марказларидан бири сифатида янада равнақ топиб бораверади.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари