Жиззах вилоятида Ахборот-коммуникация технологиялари (АКТ) соҳасида сўнгги йилларда сезиларли ўсиш кузатилмоқда.
Ўзбекистон Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йил январь – август ойларида мамлакатда АКТ хизматлари ҳажми 48,2 триллион сўмга етди, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 21,2 фоизга кўпдир.
Шу даврда Жиззах вилоятида алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари ҳажми 664,6 миллиард сўмни ташкил этди. Бу кўрсаткич вилоятда рақамли инфратузилмани кенгайтириш, интернет тармоғини такомиллаштириш, мобил алоқа сифатини ошириш ҳамда янги IT-лойиҳаларни фаол жорий этиш натижаси сифатида баҳоланмоқда.
Жиззахда “Рақамли шаҳар”, “Смарт ҳудуд” ва “Электрон мактаб” каби лойиҳалар босқичма-босқич ҳаётга татбиқ этилиб, ахборот технологиялари соҳасида янги имкониятлар яратилмоқда. Ёшлар ўртасида дастурлаш, робототехника ва сунъий интеллект соҳаларига қизиқиш ортмоқда.
Мутахассислар таъкидлашича, Жиззах вилоятининг стратегик жойлашуви, янги технопарклар ва саноат зоналари ахборот технологиялари талабини оширишга хизмат қилади. Бу эса келгусида вилоятнинг рақамли сектори ривожланишига замин яратади ва иқтисодиётнинг барқарор ўсишига ёрдам беради.
А.Қаюмов, ЎзА