Республикамизда 10 ноябрдан 14 ноябргача “ИНФОЛИБ ЎЗБЕКИСТОН-2025” ўн тўртинчи Миллий ахборот-кутубхона ҳафталиги ўтказилмоқда.
Урганч шаҳридаги Маҳмуд Замахшарий номидаги Хоразм вилоят ахборот-кутубхона марказида “Янги Ўзбекистон кутубхоначилари – сунъий интеллект орқали юксак марралар сари” шиори остида тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда таниқли ёзувчи ва шоирлар, ёш ижодкорлар, талабалар, ўқувчилар, китобсевар юртдошларимиз ва жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.
[gallery-26202]
Маросимда сўз олганлар ҳафталикнинг ўтказилишидан кўзланган мақсад ҳақида гапириб, таъкидлашдики, мамлакатимизда, шу жумладан, вилоятда китоб мутоаласини тарғиб этиш борасида бир қатор амалий тадбирлар ўтказилмоқда. Ҳафталик давомида ҳам ўзбек ва жаҳон адабиёти дурдоналари кенг оммалашади. Шу орқали вилоятда китобхонлик, аҳолига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатиш ҳам ривожланади.
–Ҳафталик доирасида Нажмиддин Кубронинг илмий ва ижодий фаолияти, Комил Хоразмий таваллудининг 200 йиллиги, Хоразм Маъмун академиясининг 1020 йиллигига бағишланган анжуманлар, шунингдек, Хоразм мақомлари таҳлили, ёш носир ва қаламкашларнинг янги асарлари тақдимоти ва бошқа тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган, – дейди вилоят ахборот-кутубхона маркази директори Раҳимбой Қурбонов. – Ҳафталик давомида таниқли ижодкорлар билан учрашувлар, мушоира, адабий-бадиий кечалар, китоб тақдимотлари, давра суҳбатлари ва бошқа турли маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилади.
Ҳафталикнинг илк кунларида қаламкаш ва рассом Феруза Бакиеванинг “Бир сиқим тупроқ” ва “Иккинчи юрак” китобларининг тақдимоти, ёш носир Комронбек Дўсчоновнинг “Қалбимда яша” романининг муҳокамалари ҳам бўлиб ўтди.
Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбирлари