Пойтахтимизда автоспортнинг картинг ва жимҳана пойга йўналишларида ўтказилган Ўзбекистон чемпионатида ғолиб ва совриндорлар аниқланди.
Жимҳана – бу мураккаб тўсиқлар билан ўтиладиган автопойга спортининг бир йўналиши бўлиб, пойгачилар конуслар, шиналар ва барреллар каби тўсиқлардан ўтади. Улар 180 ва 360 градус бурилишлар, орқага ҳаракат қилиш ва бошқа элементларни бажаради. Бу, уларнинг ҳайдовчилик маҳоратини намойиш этишга имкон яратади.

Ўзбекистон миллий автоспорт ва картинг федерацияси ҳамда ҳамкор ташкилотлар кўмагида ташкил этилган пойгаларда юртимизда ушбу спорт тури билан шуғулланиб келаётган ёш пойгачилар стартга чиқди.
Қизиқарли ва ўзига хос кўринишда кечган пойгалар натижасида жимҳана йўналишида Отабек Мадалиев 1-ўринни эгаллаган бўлса, кейинги поғоналардан Саидакбар Камолиддинов ва Шукур Мадраимов жой эгаллади.

Картинг йўналишининг бир неча ёш тоифасида ташкил этилган чемпионатда 7-12 ёшлилар орасида Арсений Глова, Владислав Ким ва Ярослав Храмчихин совринли ўринларга эга чиқди.
14 ёш ва ундан катталар ўртасидаги баҳсларда ёш тоифаси Камолиддин Нажмиддинов, Амир Ҳамроев ва Жамолиддин Нажмиддинов совриндорлик шоҳсупасига кўтарилди.
Айтиш лозим, мамлакат биринчилигининг барча босқичларида муносиб натижаларни қайд этган маҳоратли ёш спортчилар жорий йилнинг сентябрь ойида ўтадиган Осиё чемпионатида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритади.
Т.Рўзиев, ЎзА