Австрия ҳукумати мамлакатни қайта саноатлаштириш ва технология мустақиллигини мустаҳкамлаш умидида 2035 йилгача мўлжалланган стратегия ишлаб чиқди. Канцлер идораси баёнотида тўққиз асосий технология – сунъий интеллект ва митти чипдан энергетика ва авиациягача қўллаб-қувватланиши таъкидланган. Бунинг учун тахминан 2,6 миллиард евро ажратилган.
– Сунъий интеллект ва маълумот инновацияси, чип, электрон компонент ва тизим, илғор ишлаб чиқариш, квант, робототехника, фотоника ва илғор материаллар, физика ва биология, энергия ва атроф-муҳит, мобиллик, фазо ва авиация технологиялари устувор йўналишлар сифатида белгилаб олинди, – дейилган ҳисоботда.
– Вазирлар Кенгаши федерал ҳукумат томонидан ижтимоий шериклар, саноат ва бошқа кўплаб соҳалар мутахассислари иштирокида ишлаб чиқилган йирик амалий дастурни тақдим этди, – дея изоҳ берган расмийлар.
Ҳужжат олти йўналишни ифодалаган 114 чора-тадбирни ўз ичига олган: тадқиқот ва инновацияни қўллаб-қувватлаш, энергетика ва инфратузилмани ривожлантириш, ишчи кучини ўқитиш, Европа ва геосиёсий муаммоларни ҳисобга олган ҳолда, иқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш.
Иқтисодиёт вазири Вольфганг Хаттмансдорфер таъкидлашича, саноат мамлакатда фаровонлик ва бандлик асоси бўлиб қолмоқда. Шу боис ҳукумат қайта саноатлаштиришни жадаллаштириш ниятида.
Ҳужжатга кўра, 2035 йилга келиб Австрия саноат ишлаб чиқариши бўйича Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ОЭСР)га аъзо давлатлар кучли ўнлигига кириши лозим.
Энг ривожланган 38 давлатни бирлаштирган ОЭСР иқтисодий тараққиёт ва халқаро савдони кенгайтириш мақсадида фаолият кўрсатади. Ташкилот таркибида Австралия, Австрия, Бельгия, Германия, Канада, США, Франция, Япония, Колумбия, Коста-Рика каби аъзолар бор.
С.Раҳимов, ЎзА