Австралия Бош вазири Энтони Альбанезе мамлакати Фаластин давлатини расман тан олишини эълон қилди, деб хабар берди Euronews. Бош вазир таъкидлашича, бу қарор сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясида расмийлаштирилиши кутилмоқда.
Альбанезенинг сўзларига кўра, мазкур ташаббус Фаластин маъмурияти билан илгари келишилган шартларга асосланади. Яъни, бу мажбурият таркибида ҳукуматда Ҳамас аъзолари бўлмаслиги, Ғазо секторидаги қуролсизлантириш тадбирлари ва эркин сайлов ўтказиш каби талаблар мавжуд.
– Икки давлат ечими Яқин Шарқдаги зўравонлик, Ғазодаги фалокат, азоб-уқубат ва очликка барҳам беришнинг ягона йўлидир, – деган орол-давлат ҳукумати раҳбари. – Исроил халқаро қонунларга риоя этмасдан, аҳоли – хусусан болаларни озиқ-овқат, тоза ичимлик суви ва зарур ёрдамдан маҳрум этмоқда.
Ушбу баёнот Австралия ҳукуматидаги ички босим – Вазирлар Маҳкамаси ва кенг жамоатчилик томонидан Фаластинни тан олиш талаби авж олган бир пайтда янгради. Шунингдек, ҳукумат Ғазодаги вазиятни “гуманитар фалокат” сифатида таърифлади.
Австралия Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяҳунинг Ғазога нисбатан янги, кенг кўламли ҳарбий амалиёт уюштириш режасини ҳам танқид қилди.
Нетаньяҳунинг жавоб баёнотида эса Фаластинни тан олиш ҳаракати қораланган:
– Европа давлатлари ва Австралия ёлғонга асосланган умидсиз қарор қабул қилгани, назаримда, шармандалик.
Дарвоқе, Бош вазир гаровга олинган исроилликлар озод қилиниши кераклигини таъкидлаб, Австралия ҳукумати Ҳамасни расман террор ташкилоти сифатида тан олишини ҳам эслатиб ўтган.
Европа давлатларининг аксари Фаластинни расман тан олаётган бир пайт АҚШ ва айрим Ғарб давлатлари бунга қарши чиқмоқда. Яъни, Яқин Шарқдаги можарони ҳал этиш бўйича якуний келишувга эришилмас экан, бундай тан олиш нотўғри, деб ҳисобланмоқда.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/QvXOM7DmMLI" title="Avstraliya ham Falastin davlatini tan olishi e’lon qilindi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Кенжа Бекжонов, Анвархўжа Аҳмедов, ЎзА