Туркманистоннинг Аваза шаҳрида БМТнинг денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар бўйича учинчи конференцияси доирасида “Йўналишни белгилаб: денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар учун Аваза ҳаракатлар дастурини амалга оширишга кўмаклашиш” мавзусидаги парламент форуми ташкил этилди.
Форумда Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги Ўзбекистон делегация иштирок этди.
Сенат Раиси ўз нутқида Ўзбекистон томонидан денгизга чиқиш имконияти йўқлиги туфайли юзага келаётган иқтисодий ва логистика чекловлари, шу жумладан, ташқи савдонинг мураккаблашуви, транспорт инфратузилмасининг ривожланишидаги муаммоларни алоҳида таъкидлади. Ўзбекистон дунёда океанга чиқиш учун камида икки давлат ҳудудидан ўтиши зарур бўлган икки мамлакатдан бири эканини қайд этди.

Форум иштирокчилари эътиборига Ўзбекистоннинг минтақавий боғлиқлик ва интеграцияни кучайтиришга қаратилган ташаббуслари, жумладан, Темирйўл ва автомобиль транспорти соҳасида Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон, Хитой каби мамлакатлар билан ҳамкорликда амалга оширилаётган йирик лойиҳалар тақдим этилди.
Трансафғон йўлаги – “Термиз – Мозори-Шариф – Қобул –Пешовар” темирйўл магистрали истиқболдаги энг муҳим лойиҳалардан бири сифатида қайд этилди. Ушбу йўлак Марказий ва Жанубий Осиё ўртасида савдо ва логистика алоқаларини кескин ривожлантириш имконини беради.

Форум давомида Ўзбекистон делегацияси томонидан бир қатор муҳим ташаббуслар илгари сурилди. Хусусан, денгизга чиқиш имконияти бўлмаган давлатлар парламентлари ўртасида тизимли мулоқотни йўлга қўйиш, «яшил» логистика ва замонавий инфратузилмани ривожлантириш, савдо ва транзит жараёнларини соддалаштириш ҳамда рақамли ечимларни жорий этиш бўйича парламентлараро ҳамкорликни чуқурлаштириш таклиф этилди.
Бундан ташқари, илмий ва технологик ҳамкорлик, инновацион ечимлар алмашинуви ва илмий форумлар ташкил этиш зарурати ҳам таъкидланди.
***
Тадбир доирасида Ўзбекистон Сенати Раиси Танзила Норбоева Озарбайжон Миллий Межлиси Раиси Саҳиба Гафарова ва Туркманистон Межлиси Раиси Дунёгўзал Гулманова билан учрашув ўтказди.
Самимий руҳда ўтган мулоқотда парламентлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш, кўп томонлама алоқаларни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Хива шаҳрида ўтказилган Биринчи Ўзбекистон - Озарбайжон парламентлараро форуми икки давлат ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлашда самарали тажриба алмашув майдонига айлангани таъкидланди.
Ўзбекистон - Туркманистон парламентлараро ҳамкорлик гуруҳлари фаолияти изчил ва самарали давом этаётгани эътироф этилди. Учрашувда мазкур йўналишдаги ишларни янада кучайтириш, жумладан, парламентлараро комиссия доирасида маҳаллий ҳокимият вакилларининг иштироки орқали алоқаларни кенгайтириш муҳимлиги қайд этилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА