Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 6 январдаги “Давлат мактабгача таълим ташкилотларида соғлом овқатлантириш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соғлом овқатлантиришнинг замонавий усулларини жорий этиш орқали болаларга таълим-тарбия бериш самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Наманган туманидаги 36-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида ташкил этилган вилоят кўргазмали амалий семинар қарорнинг ижроси ва унинг мазмун-моҳиятини кенг тарғиб этишга бағишланди.

Унда вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси, Наманган тумани ҳокимлиги, Санэпидқўмитанинг ҳудудий бўлимлари, боғчаларга аутсорсинг хизмати кўрсатувчи “Абдул Азиз, Муҳаммад Али савдо саноат-2012” корхонаси вакиллари, тумандаги мактабгача таълим ташкилотлари директорлари, бракераж комиссиялари аъзолари, ошпазлар иштирок этди.

Семинар давомида тиббий кўрик, инвестисия, бракераж комиссиялари, ягона мавсумий таомнома каби масалалар муҳокама қилинди. Шунингдек, мавсумий таомномага мувофиқ олиб келинган озиқ-овқат маҳсулотлари, улардан тайёрланган таомлар кўргазмаси намойиш этилди.
Аутсорсинг хизмати жорий этилгандан буён соғлом овқатлантириш амалиёти ҳам сифат, ҳам миқдор жиҳатидан ижобий тус олди. Чунки, қарор мактабгача таълим ташкилотларига аутсорсинг хизмати кўрсатувчи корхоналар зиммасига таомни бола ёшига мос тақсимлаш; кам ёғли ва кам шакарли таом тайёрлаш; тавсия этилган маҳсулотлардан тўғри ва замонавий усулда фойдаланиш; болани тартибли овқатлантириш каби талаблар қўйиш асносида, боғча мудирлари, комиссия аъзолари зиммасига масъулиятли вазифалар юклаганлиги таъкидланди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.