Ўрта Чирчиқ туманида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланишга оид амалдаги қонун ҳужжатлари билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан тадбир ўтказилди.
Тошкент вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси томонидан ташкил этилган тадбирда ҳудудий инспекторлар иштирок этди. Унда ҳудудларда жорий йил бошидан ўтказилган назорат тадбирларининг натижаси таҳлил қилинди.

Хусусан, жойларда 1 минг 399 та ҳолат аниқланиб, унда айбдорларга нисбатан 869 миллион 801 минг сўм жарима қўлланилган. Шундан 39 фоизи ундирилган. Бу натижа туфайли айрим инспекторлар фаолияти қониқарсиз баҳоланди. Ўз ишига совуққонлик билан қараган Янгийўл, Паркент, Оққўрғон ҳамда Бўка туманлари инспекторлари ўз вазифасига етарлича ёндашмаган. Бошқарма бошлиғи Б.Мелиев вазифасига масъулиятсизлик билан қараган ходимларни қатъий огоҳлантирди.
Шу билан бирга, вилоятда старт берилган “Тоза ҳаво” тадбири доирасида олиб борилаётган ишлар ва камчиликлар ҳам кўриб чиқилди. Биргина Оҳангарон тумани ва шаҳрида бир кунда 10 дан ортиқ техниканинг носозлиги аниқланган. ИИББ ЙПХ ходимлари томонидан ушбу носоз автоулов ҳайдовчиларига нисбатан шу жойда тегишли тартибда маъмурий баённома расмийлаштирилди ва техникаларни соз ҳолатга келтириш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилди.

Бироқ айрим ҳайдовчиларнинг белгиланган тартибга риоя қилмагани ҳавога салбий таъсирини кўрсатмоқда.
Тадбирда сув, ер ресурслари ва ер ости бойликларини муҳофаза қилиш соҳасида амалга оширилган ишлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди.
Жумладан, Бўстонлиқ, Қибрай, Юқори Чирчиқ, Қуйи Чирчиқ, Чиноз, Бекобод, Оққўрғон туманлари ва Чирчиқ, Бекобод шаҳарлари дарё ўзанлари соҳил бўйи минтақалари ва сувни муҳофаза қилиш зоналарида норуда материалларни қазиб олиш фаолияти билан шуғулланаётган барча субъектлар томонидан тегишли мажбуриятлар бажарилишини назоратга олиш кераклиги уқтирилди.
А.Мусаев, ЎзА мухбири