Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракциясининг йиғилишида Ўзбекистон Республикасининг “Атом энергияси соҳасидаги муносабатларнинг янада такомиллаштирилиши муносабати билан “Атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш тўғрисида”ги Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси атрофлича муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, лойиҳа қабул қилинган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергияси агентлиги ва Энергетика вазирлиги ўртасидаги ваколатлар аниқ белгилаб олинади.

Бу эса соҳада давлат назоратининг самарадорлигини ошириш, ядровий ва радиациявий хавфсизликка оид масъулиятни кенгайтириш, шунингдек, илмий тадқиқотлар ва давлат дастурларини амалга ошириш механизмларини такомиллаштиришга хизмат қилади.
Муҳокамаларда қонун лойиҳаси тадбиркорлик субъектлари манфаатларига таъсир қилмаслиги, қўшимча чиқимлар ёки харажатлар талаб этилмаслиги қайд этилди. Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши Ўзбекистоннинг энергия хавфсизлигини таъминлаш, инновацион технологияларни жорий этиш ва соҳадаги қонуний тартибни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Ўзбекистон ХДП фракцияси йиғилишида “Давлат органининг ёки унинг мансабдор шахсининг қонунга хилоф қарори, ҳаракати ёхуд ҳаракатсизлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси атрофлича кўриб чиқилди.
Мазкур лойиҳада давлат органининг ёки унинг мансабдор шахсининг қонунга хилоф қарори ёки ҳаракати ёхуд ҳаракатсизлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш соҳасидаги муносабатларни амалга оширишда давлат органлари, уларнинг мансабдор шахслари, жисмоний шахслар ёки юридик шахслар ҳаққоний ва тўлиқ ахборот тақдим этиши шартлиги белгилаб қўйилмоқда.

Фракция аъзоси Қизилгул Қосимованинг фикрига кўра, давлат органи ёки унинг мансабдор шахсининг қонунга хилоф қарори, ҳаракати ёхуд ҳаракатсизлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрни қопланиши лойиҳада ҳеч қандай истисноларсиз, аниқ белгилаб қўйилиши лозим.
Муҳтарама Комилова, ЎзА