Мувозанат
Инсон ва табиат ўртасидаги мувозанат масалаларига бағишланган “Мувозанат” лойиҳамизнинг бу галги сонида айни кунларда энг долзарб бўлиб турган атмосфера ҳавоси ифлосланиши ҳақида суҳбатлашамиз.
Шу мақсадда студиямизга Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон Экологик ҳаракати етакчиси, эколог олим Борий Алихоновни таклиф этдик.
–Айни кунларда Тошкент шаҳри ва бир қатор ҳудудларда атмосфера ҳавоси ўта зарарли ҳолга келиб қолди. Бу кенг жамоатчилик вакилларининг муҳокамаларига сабаб бўлмоқда. Айтингчи, ҳаво таркибида зарарли заррачалар миқдори кескин ошиб кетишига асосан қандай омиллар сабаб бўлмоқда?
— Атмосфера ифлосланиши, умуман, экологик муаммоларга сабаб бўлаётган омилларни иккига бўлиш мумкин. Биринчиси, табиий омиллар, иккинчиси, антропоген, яъни инсон фаолияти туфайли юзага келаётган таъсирлар.
Табиий омилларга тўхталадиган бўлсак, аввало, иқлим ўзгариши. Сўнгги 130 йил ичида Ер сайёрасида ҳарорат ўртача 1,2-1,3 градусга ошди. Марказий Осиёда эса сўнгги 80 йилда ўртача 1,7 цельсийга кўтарилди. Яъни, дунёда содир бўлаётган иқлим ўзгариши Марказий Осиё, шу жумладан мамлакатимизда икки баробар тез содир бўлмоқда.
Бундан ташқари, чўлланиш тезлашиб боряпти. Сўнгги 30 йилда Марказий Осиё ҳудудида умумий чўллар ҳудуди 100 минг гектарга кўпайди. Шу туфайли ҳам майда дисперсли зарарли заррачалар ҳавога кўтарилиб, муаллақ ҳолда туриб қоляпти.
Яна бир муаммо — қурғоқчилик. Сўнгги 10 ой мобайнида Тошкент шаҳрида бор-йўғи бир мартагина ёғингарчилик бўлди. Куз тугаяпти, аммо ёғингарчиликдан дарак йўқ.
Антропоген омилларга тўхталсак, ҳавога чиқарилаётган чиқиндилар миқдори борган сари кўпайиб бормоқда. Шу жумладан, иқлим ўзгаришига сабаб бўладиган иссиқлик газлари ҳажми ҳам ортяпти.
Яна бир жиҳатга эътибор қаратсак, ўтган асрнинг 90-йилларида Тошкент шаҳрида атмосферага чиқариладиган ифлослантирувчи чиқиндилар миқдори йилига 420 минг тоннани ташкил этган. Шундан 90 фоизи транспорт воситаларига тўғри келган. Лекин бугунги ҳисоб-китобларга кўра, йилига 220 минг тонна ифлослантирувчи моддалар ҳавога чиқариляпти. Яъни, қарийб икки баробар камайган. Чунки у пайтда пойтахт ҳудудида кўплаб ишлаб чиқариш корхоналари, саноат зоналари мавжуд эди.
Бу каби табиий ва антропоген омилларнинг барчаси атроф-муҳитнинг ифлосланишига сабаб бўляпти.
Транспорт логистикасини тўғри йўлга қўйиш ҳаво ифлосланишини бартараф этишга таъсир кўрсатади. Транспорт воситаларининг двигатели ёниб турган ҳолатда узоқ тўхтаб туриши заҳарли газлар энг кўп чиқишига сабаб бўлади. Демак, тирбандликлар, светофорда туриб қолиш ҳолатларини камайтириш, умуман, транспорт логистикасини яхшилаш орқали атмосферани яхшилашга эришиш мумкин.
Бундан ташқари, қурилиш маданиятига риоя қилиш, шаҳарсозлик масалаларини тартибга солиш лозим. Тошкент нисбатан паст текисликда жойлашган. Осмонўпар биноларни қуришда шамол эсиш йўналишларини инобатга олиш лозим.
Шу билан бирга, яшиллик даражасини кўпайтириш экологик муаммолар таъсирини камайтиришга хизмат қилади. Таҳлилларга кўра, Тошкент шаҳридаги 66 гектарлик Ботаника боғи 47 минг аҳолини соф кислород билан таъминлайди. Ёки 40 яшар битта дарахт йилига 120 кг соф кислород ишлаб чиқаради ва 3 нафар инсонни кислород билан тўйинтира олади. Бундан ташқари, яшиллик шовқинни ушлаб қолади, биофильтр вазифасини ўтайди.
– Хорижий тажрибага эътибор қаратсак, Япония, Хитой, Корея каби ривожланган давлатларда ҳам бир пайтлар мегаполис шаҳарларининг ўта ифлосланиши ҳолатлари кузатилган. Ваҳоланки, у шаҳарлар аҳолиси Тошкент аҳолисидан бир неча баробар кўп, транспорт ҳаракати ҳам юқори. Бу каби давлатлар атмосфера билан боғлиқ муаммоларни қандай механизмлар билан тартибга солди?
— Дарҳақиқат, Япониянинг Токио шаҳри аҳолиси Тошкентнинг аҳолисидан 5 баробар, транспорт воситалари эса 10 баробар кўп. Сеулда эса аҳоли сони 3 баробар, транспортлар сони 5-6 баробар кўп. Токиода атмосфера ифлосланиши шу даражага етган эдики, йўл четларида маълум бир масофаларда махсус кислород киосклари ташкил этилган. Одамлар шу киоскларга кириб, кислородга тўйиниб чиққан ва доим ниқобда юришган. Албатта, бу каби муаммоларга, аввало, яшиллаштириш, транспорт воситаларини бошқариш механизмларини ишлаб чиқиш, архитектура ва шаҳарларнинг бош режасини тўғри ҳисоб-китоб қилиш орқали ечим топилган.
Бизда ҳам транспорт логистикасини тўғри ташкил этиш, яшилликни кўпайтириш, саноат зоналари атрофида яшил белбоғларни кенгайтириш, шаҳарсозлик жараёнларини тўғри йўлга қўйиш орқали натижага эришиш мумкин. Энг муҳими, ҳар бир жараёнга аниқ, тўғри ҳисоб-китоблар, илмий ёндашувлар асосида ёндашиш лозим.
— Ҳақиқатан тўғри таъкидладингиз, бирор соҳани ривожлантиришда ёки муайян муаммога ечим топишда, албатта, илмий ёндашув, илмий хулосалар сув ва ҳаводек зарур. Шу маънода экологик муаммоларни юмшатиш, айни кундаги атмосфера ифлосланишининг олдини олиш борасида эколог олимларимиз қай даражада иштирок этишяпти, қандай илмий таклифлар бор?
– Бу борада эколог олимларимизнинг таклифлари, ташаббуслари, ихтиролари бор, албатта. Биргина мисол, бир гуруҳ олимлар биргаликда табиатдан тоза яшил водород ёқилғисини олиш технологиясини ишлаб чиқдик ва ихтиромиз учун патент олганмиз. Агар транспортларда сиқилган водород ёқилғи сифатида ишлатиладиган бўлса, атроф-муҳитга ҳеч қандай чиқинди чиқарилмайди, сув буғи чиқарилади холос. Водород XXI аср энергия манбаи десам, тўғри бўлади.
Яна бир таклиф ишлаб чиққанмиз. Бурғилаш жараёнидаги чиқинди сувларни чўлларда қум кўтарилишининг олдини олиш мақсадида қоплама сифатида ишлатиш мумкин.
Умуман, экология соҳасида кўплаб илмий изланишлар, ишланмалар, ғоялар бор. Энг асосийси, олимларнинг илмий ишларини, инновацион ғояларини қўллаб-қувватлаш, амалиётга татбиқ қилиш лозим. Мавжуд интеллектуал салоҳиятдан самарали фойдаланиш давлатнинг энг муҳим функцияси.
— Бугун атмосфера муаммоларига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратиляпти. Президентимиз Шавкат Мирзиёев "Тошкент шаҳрида экологик вазиятни яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонни имзолади. Унда белгиланган вазифалар, чора-тадбирлар атмосферани яхшилаш бўйича кутилган натижаларни берадими?
Албатта, беради. Ҳақиқатан ушбу фармонда жуда кўплаб муҳим чораларни амалга ошириш кўзда тутилган. Биргина шаҳар атрофида яшил ҳалқани барпо этиш вазифасини оладиган бўлсак, буни тезлаштириш керак. Чунки кўчат ҳам вояга етиб, дарахт бўлгунигача анча вақт керак. Умуман, ҳамма ўзини вазифасини бажарса, вазифалар ўз вақтида амалга оширилса, изчиллик бўлса, ишлар илмий ёндашувлар асосида ташкил этилса, албатта, кутилган самарага эришилади.
PS: Суҳбат давомида саноат ва ишлаб чиқариш корхоналарида тозалагич иншоотлар, фильтрлар ўрнатилгани ҳолатлари ҳақида ҳам сўз борди. Шунингдек, эколог олим қуёш панелларини, тозалагич иншоотлари ва фильтрларни маҳаллийлаштириш, янги технологиялар, кимёвий ва биологик услублар, экологик индикаторларни ишлаб чиқиш, экологик районлаштириш, шамол атласини ишлаб чиқиш каби бир қатор таклифларни билдирди.
Батафсил қуйидаги видеоҳаволада.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/Q0BuLYJatp4" title="Atmosfera ifloslanishi: olimlarning ilmiy yondashuv va yechimlari bormi?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳтарама Комилова,
Дониёр Ёқубов, Искандар Исматов (видео), ЎзА