Мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар самарадорлигини ошириш, инсон қадрини улуғлаш, фуқароларни қийнаётган муаммоларни ўрганиш ва ҳал этиш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар юртдошларимизни қувонтирмоқда. Чунки ҳар бир маҳалла, қишлоқ, туман ва шаҳар аҳолиси ана шу ижобий ўзгаришларни турмуш фаровонлигининг юксалишида ҳис этмоқда, кўрмоқда.
Буни мен раҳбарлик қилаётган Асака тумани мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Тумандаги 75 та маҳалла инфратузилмасини яхшилаш, ободонлаштириш, корхоналарни қўллаб-қувватлаш, янги ишлаб чиқариш лойиҳаларини ишга тушириш, тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, оилалар даромадини ошириш, камбағалликни қисқартириш борасида олиб борилаётган ишлар ўз самарасини бермоқда, туман иқтисодиёти юксалмоқда.
Президентимизнинг, ҳукуматимизнинг бир қатор фармон ва қарорлари ижроси, хусусан, давлатимиз раҳбарининг тегишли буйруғи билан ҳокимликлар, мутасаддилар, соҳа мутахассислари, етакчи тадбиркорлардан иборат “Ислоҳотлар штаби” фаолияти йўлга қўйилганлиги ва ана шу йўналишда амалга оширилган ишларни алоҳида эътироф этиш жоиз.
[gallery-24533]
Белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида фаолиятимизни янада кучайтирдик. Халқ қабулхонаси аввалги “Сектор штаби” биносига кўчирилди. Шу кунга қадар бевосита ўзимга бўлган 1 минг 100 дан ортиқ мурожаатнинг 78 фоизи ижобий ҳал этилди. Умуман, белгиланган тўртта асосий йўналиш – бандликни таъминлаш, камбағалликдан чиқариш, инвестиция жалб этиш, экспорт ҳажмини ошириш, тадбиркорлик учун барқарор муҳитни шакллантириш бўйича зарур ишлар қилинди, қўшимча имкониятлар яратилди.
“Ислоҳотлар штаби” гуруҳи аъзолари томонидан қўшимча инвестиция жалб этиш, экспорт ҳажмини ошириш бўйича мамлакатимизнинг турли давлатлардаги элчилари кўмагида хорижлик тадбиркорлар, ўша давлатларда яшаб, ишлаб, муваффақиятларга эришаётган ватандошларимиз билан видеомулоқотлар ташкил этилди. Тузилган ишчи гуруҳлар томонидан белгиланган йўналишлар маҳаллабай хатловдан ўтказилди. Туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича уч йиллик манзилли стратегия ишлаб чиқилди.
Амалдаги қонуний тартиблар асосида бўш турган 102 гектар қишлоқ хўжалиги, туман ҳокимлиги захирасидаги 3,5 гектар ер майдони тадбиркорлик қилиш учун аҳолига ажратиб берилди. Бундан ташқари, туманнинг адирлик ҳудудларидан қўшимча 800 гектар ер ўзлаштирилди.
Тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, фаолиятини кенгайтириш истагидаги фуқаро ва тадбиркорлар билан ҳамкорликда 23 та саноат, 106 та хизмат кўрсатиш, 26 та қишлоқ хўжалиги йўналишида, жами 155 та янги лойиҳалар шакллантирилиб, уларни амалга оширишга киришилди.
Туманнинг энг асосий муаммоси бўлган уй-жой масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 4 апрелдаги “Андижон вилояти Асака туманини ободонлаштириш ва архитектура қиёфасини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисидаги” қарори асосида Чек маҳалласи ҳудудида Янги Ўзбекистон массиви – “Asaka city” барпо этилмоқда. Бундан ташқари, урбанизация дастури доирасида эски уйлар реновация қилинмоқда.
Тумандаги барча маҳаллалар имкониятидан келиб чиқиб ихтисослаштирилмоқда. Масалан, “Агростар” масъулияти чекланган жамияти томонидан 5 гектар ер майдонига замонавий “яшил технологиялар” асосида иссиқхоналар ташкил этиш лойиҳаси локомотив сифатида белгилаб олинди. Ушбу лойиҳа доирасида иссиқхоначиликка ихтисослашган 11 та маҳаллани йил охирига қадар 20 тага етказиш белгилаб олинди. Бунинг натижасида яна 7 мингта хонадон томорқасидан йилига 3-4 маротабадан ҳосил олиш имконияти яратилади. Умуман, бу борада тизимли ишлар олиб борилмоқда. Яқин йиллар ичида яна 20 та маҳалла сабзавотчиликка, 16 та маҳалла узумчиликка, 9 таси хизмат кўрсатиш соҳасига тўла ихтисослашади. Шу билан бирга, қўшимча равишда умумий қиймати 70 миллион АҚШ долларига тенг бир қатор ишлаб чиқариш лойиҳалари амалга оширилади.
“Ислоҳотлар штаби” гуруҳи доирасида жорий йилнинг ўтган даврида туманда рақамлаштириш ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ишчи гуруҳ кўмаги билан тиббиёт, таълим, иқтисодиёт ва бошқа соҳалар тизимидаги корхона, ташкилот ва муассасаларда, бозорларда рақамлаштириш бўйича эътиборга молик ишлар амалга оширилди. Хонадонларга 900 КВтли қуёш панеллари ўрнатилди. Натижада, жорий йил 2- чорак якуни билан прогноз қилинган солиқ тушуми режаси 7,5 миллиард сўм ортиғи билан бажарилди.
Туман маркази ва бошқа асосий кўчаларда, аҳоли гавжум ҳудудларда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, тирбандлик ва турли кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш бўйича концепция ишлаб чиқилди. Янги-янги автотураргоҳлар қуриш учун тадбиркорлар жалб этилди.
Албатта, бу ишлар ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ. Бунда Президент Администрацияси вакили, вилоят ҳокимлигининг кўмаги, қўллаб-қувватлаши, қолаверса, “Ислоҳотлар штаби” аъзолари, маҳалла еттилиги вакиллари, мутасадди ташкилотлар масъуллари, умуман, фидойи, ташаббускор барча асакаликларнинг муносиб ҳиссаси бор.
Туманда олиб борилаётган ибратли ишлар, менинг камтарона фаолиятим эътироф этилиб, Давлатимиз раҳбарининг фармони билан “Дўстлик” ордени билан тақдирланганлигим, қалбимда кечаётган қувонч ва ўзгача туйғуларни оддий сўзлар билан ифодалай олмайман. Лекин эртани эрта, кечни кеч демасдан астойдил қилинган меҳнатлар эътирофидан, юртбошимиз ишончидан беҳад мамнунман. Энг асосийси, одамларга, юртимга фойдам тегаётганидан хурсандман.
Берилган мукофот менга куч, шижоат беради, зиммамга янада улкан масъулият юклайди. Бундан кейинги фаолиятимда кўрсатилган эътиборга, Президентимиз ишончига муносиб жавоб қайтаришга, юртимиз равнақи, халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтириш йўлида янада фаол ишлашга ҳаракат қиламан.
Насибулла МЎМИНОВ,
Асака тумани ҳокими.
ЎзА