Мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллик байрами арафасида вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан Андижон шаҳри ҳамда вилоятнинг барча туман ва шаҳарлари марказларида арзонлаштирилган озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳамда мактаб жиҳозлари савдо ярмаркалари ташкил этилди.
Президентимизнинг жорий йил 10 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижроси доирасида Андижон шаҳридаги 14 та маҳалла гузари ҳамда туман, шаҳар марказларида ташкил этилган савдо ярмаркалари расталаридан Андижон вилоят бозорлари ва савдо мажмуалари уюшмаси, “Андижонгўштсутсавдо”, “Андижонбалиқ” масъулияти чекланган жамиятлари, вилоятдаги агрофирмалар, паррандачилик корхоналари, савдо ташкилотлари маҳсулотлари, шунингдек, фермер хўжаликлари ҳамда деҳқонлар томонидан етиштирилган, ишлаб чиқарилган мева-сабзавотлар, озиқ-овқат ва полиз маҳсулотлари ўрин олган.
– Маҳалламиз гузарида ташкил этилган ярмаркада 100га яқин турдаги қишлоқ хўжалиги, полиз, озиқ-овқат маҳсулотлари ва сабзавотлар сотилмоқда, – дейди Андижон шаҳридаги “Баркамол” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Табассум Исроилова. – Маҳалламиз ҳудудида асосан кўп қаватли уйлар жойлашган, 5 минг 200 нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Очиғи, ярмарка фуқароларимиз, айниқса, ёши катта инсонлар учун анча қулайлик бўлди. Рўзғор учун зарур сархил, янги маҳсулотларни шу ердан, бозорга нисбатан 20-30 фоиз арзон нархларда харид қилиш имкони яратилганлигидан барча хурсанд.
[gallery-24729]
Ҳамюртларимизнинг байрам дастурхонлари тўкин бўлишини таъминлаш мақсадида ташкил этилган ушбу савдо ярмаркалари шаҳар аҳолиси учун катта қулайлик яратмоқда. Қолаверса, савдога қўйилган маҳсулотлар нархи бозордагига нисбатан арзон. Бундан ташқари, намунали хизмат кўрсатилиши, пластик карталар орқали ҳам савдоларнинг йўлга қўйилганлиги юртдошларимизга манзур бўлмоқда.
–Ярмаркаларда ўқувчилар учун мактаб формалари, ўқув қуроллари ва жиҳозлари сотувининг йўлга қўйилганлиги ҳам айни муддао бўлди, – дейди Баркамол маҳалласида яшовчи, меҳнат фахрийси Сойибжон Жумабоев. – Фарзандларимизга арзон нархларда чиройли, хушбичим формалар, ўқув қуроллари сотиб оляпмиз. Бундан кўпчилик хурсанд.
Халқимизнинг энг азиз, энг улуғ айёми – Мустақиллик байрами муносабати билан ташкил этилган арзонлаштирилган қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда мактаб жиҳозлари савдо ярмаркалари аҳолига қулайлик яратиш билан бирга, уларнинг турмуш фаровонлигини ошириш, халқимиз дастурхони тўкинлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Ярмаркалар ташкил этилган маҳалла гузарларида ҳар оқшом Андижон шаҳар маданият бўлими, бадиий жамоалар томонидан концерт дастурлари намойиш этилмоқда.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари