English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Арнасойга инвестиция кириб келмоқда

Жиззах вилоятининг Арнасой туманида Наврўз арафасида амалга оширилган икки муҳим инвестициявий лойиҳа ҳудуд иқтисодиётида янги босқични бошлаб берди. Хитойлик сармоядорлар иштирокида замонавий ишлаб чиқариш қувватларини яратишга қаратилган ушбу ташаббуслар саноат ва қишлоқ хўжалиги тармоқларини бирдек ривожлантиришга хизмат қилмоқда.

Жумладан, туманда умумий қиймати 5 миллион АҚШ долларига тенг бўлган замонавий бўёқ ишлаб чиқариш корхонаси фойдаланишга топширилди. Илғор технологиялар асосида барпо этилган мазкур корхонада қурилиш ва саноат эҳтиёжлари учун рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Энг муҳими, янги ишлаб чиқариш қуввати аҳоли бандлигини таъминлаш, маҳаллий бозорни сифатли маҳсулотлар билан тўлдиришга хизмат қилади.

Айни пайтда туманнинг “Бахтли” маҳалласи ҳудудида Хитойнинг “Boshiran” компанияси билан ҳамкорликда яна бир йирик инвестициявий лойиҳа — томчилатиб суғориш технологиялари ишлаб чиқариш корхонаси қурилишига старт берилди. Қиймати 30 миллион АҚШ долларига тенг ушбу лойиҳа доирасида 2,3 гектар майдонда замонавий ишлаб чиқариш мажмуаси барпо этилади. Лойиҳа тўлиқ амалга оширилгач, 200 нафардан зиёд маҳаллий аҳоли доимий иш ўрни билан таъминланиши кўзда тутилган.

Қайд этиш жоизки, мамлакатимизда хорижий инвестицияларни жалб этиш, саноатни диверсификация қилиш ва ҳудудлар иқтисодий салоҳиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 28 январдаги “Инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳамда кейинги йилларда қабул қилинган қатор қарорлар ҳудудларга тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар кириб келишини рағбатлантирмоқда.

[gallery-28209]

Арнасойда амалга оширилаётган мазкур лойиҳалар ана шу изчил сиёсатнинг амалий ифодаси бўлиб, ҳудудда янги иш ўринлари яратиш, замонавий технологияларни жорий этиш ва ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга мустаҳкам замин яратаётир.

Мутахассислар фикрича, бундай инвестициявий ташаббуслар нафақат туман, балки бутун вилоят иқтисодиётида ўсиш нуқталарини шакллантириб, саноат ва аграр тармоқлар ўртасида самарали уйғунликни таъминлайди.

А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари